Колесникова DWʼга берган интервюсида Европа давлатлари АҚШдан ўрнак олиб, дипломатия ва санкциялардан Беларусдаги сиёсий маҳбуслар ҳаётини сақлаб қолиш воситаси сифатида фойдаланиши зарурлигини билдирди.
У сўнгги пайтларда мулоқот зарурати ҳақида кўпроқ гапираётгани Александр Лукашенко режимига муносабати юмшаганини англатмаслигини таъкидлади. Фаолнинг айтишича, қамоқда ўтказган йиллари унинг тизимга муносабатини ўзгартирмаган.
«Биз ҳозир сиз билан суҳбатлашяпмиз, чунки айнан дипломатия таъсир ўтказиш ва муайян мақсадларга эришиш воситаси сифатида ишга солинган», — деди Колесникова.
У ўзининг озодликка чиқишини дипломатик музокаралар самара беришига мисол сифатида келтирди.
«АҚШнинг музокаралар йўли иш берди»
Колесникова Беларус қамоқхоналарида сиёсий сабабларга кўра ҳукм қилинган 800 дан ортиқ киши қолаётганини эслатди.
«Агар АҚШнинг музокаралар йўли иш берганини кўриб турган бўлсак, демак, ундан фойдаланиш керак», — деди у.
DW маълумотига кўра, Вашингтон ва Минск ўртасидаги музокаралар натижасида Беларус компанияларига нисбатан санкцияларни юмшатиш эвазига қарийб 500 сиёсий маҳбус озод қилинган.
Колесникова Европа Иттифоқини ҳам шу каби ёндашувдан фойдаланишга чақирди.
Европанинг очиқлиги Россия таъсирини камайтириши мумкин
Фаол Европа билан алоқаларнинг кенгайишини Беларуснинг келажаги ва минтақавий хавфсизлик билан ҳам боғлади.
«Европанинг режим учун эмас, Беларус ва беларуслар учун очиқлиги мамлакатда Россия таъсир доирасини қисқартириши мумкин», — деди у.
Колесникова буни Европа хавфсизлиги тизими учун муҳим мақсад сифатида баҳолади.
У Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорскийнинг Беларус ташқи ишлар вазири Максим Риженков билан яқинда ўтказган музокараларини ҳам алоҳида тилга олди. Учрашув Ню-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси доирасида бўлиб ўтган.
Музокаралардан кейин Сикорский Варшава Минскдаги элчихонасининг янги биносини очишга тайёрланаётганини билдирган эди.








