Ўзбекистон | 09:16 / 09.09.2022
6879
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Реклама тўғрисида»ги қонун кучга кирди

Ўзбекистонда бугун, 9 сентябрдан "Реклама тўғрисида"ги қонун кучга кирди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.

Фото: rnbee

Қонунда асосий тушунчалар қаторига ахлоқсиз реклама, номақбул реклама, рағбатлантирувчи акция каби янги тушунчалар киритилди.

Ўзбекистонда реклама давлат тилида тарқатилиши ва реклама мазмуни бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги реклама айланиши соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади. 

Давлат мулки бўлган ер участкалари, бино ва иншоотларга ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) ўрнатишга бўлган ҳуқуқ ягона электрон савдо майдончаси орқали очиқ электрон аукционлар асосида 5 йил муддатга берилади. 

Қуйидагилар тақиқланади:

  • она сути ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш; 
  • таълим муассасаларида фойдаланиладиган босма нашрлар (дарсликлар, кундаликлар, дафтар ва бошқалар)да товарларни реклама қилиш;
  • нархларни (тарифларни) чет эл валютасида кўрсатиш;
  • болаларни улар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ахборот маҳсулотини ёш таснифини кўрсатмасдан реклама қилиш;
  • миллий ва оилавий анъаналарга, ахлоқ ва маънавият умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, иборалар ва образлардан фойдаланиш;
  • энергетик ичимликлар рекламасини соат 7:00 дан соат 22:00 гача телевидение ва радио орқали реклама қилиш; 
  • тамаки маҳсулотларини ҳамда тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реклама қилиш. 

Дори воситаларини реклама қилишда таниқли шахслар, тиббиёт ходимлари ёки ташқи кўриниши шифокорлар ташқи кўринишига ўхшаш шахслар иштирок этиши тақиқланади. 

Мавзуга оид