Рақобат қўмитаси 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида реклама бозорини тартибга солиш соҳасида амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.
Қайд этилишича, ўтган давр мобайнида рекламалар бўйича жами 13 минг 500 дан ортиқ ўрганиш ўтказилган. Уларнинг қарийб 6 мингтасида реклама тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган.
Хусусан, дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларга оид 545 та реклама ўрганилиб, уларнинг 51 таси қонун талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлган.
Шунингдек, қарийб 250 та ҳолат ўрганилганда, 54 тасида тамаки, алкогол, электрон сигарет ва пиво каби рекламаси тақиқланган маҳсулотлар тарғиб қилингани аниқланган.
50 дан ортиқ қимор сайти блокланди
Қўмита томонидан ўтказилган 165 та мониторинг натижасида 82 та ҳолатда тотализатор ва букмекерлик рекламаси қайд этилган.
Бундан ташқари, қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни тарғиб қилувчи 76 та веб-сайтга нисбатан чора кўриш учун ваколатли органларга сўровлар юборилган. Натижада уларнинг 50 дан ортиғи блокланган.
Ижтимоий тармоқлардаги мониторинглар давомида катта аудиторияга эга уч нафар блогер — вайнер ўз саҳифаларида қимор ва букмекерлик хизматларини тарғиб қилувчи саҳналаштирилган видеороликларни жойлаштиргани ҳам аниқланган.
Уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Жумладан, ижтимоий тармоқларда «Melbet» бренди орқали қимор ўйинларини тарғиб қилувчи видеолар жойлаштириш ҳолатлари қайд этилган. Қўмита маълумотига кўра, бу ҳолатлар бўйича фуқаролар белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиб, тегишли материаллар судга юборилган.
Умуман, аниқланган ҳуқуқбузилишларни бартараф этиш бўйича 83 та субъектга нисбатан белгиланган таъсир чоралари қўлланилган.
Айрим дори рекламалари ахлоқ нормаларига зид деб топилди
Мониторинг давомида айрим дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқарувчи ҳамда сотувчи компанияларнинг рекламаларида миллий ва оилавий анъаналар, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид шакл, ибора ва образлардан фойдаланилгани ҳам аниқланган.









