10 ноябр куни Қонунчилик палатаси депутатлари “Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиб, Сенатга юборди.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси вақтида маълум қилинишича, ҳужжатнинг 73-моддасида улуш киритиш асосидаги қурилишларни реклама қилиш тартиби белгиланган.
Унга кўра, қурилаётган турар жой мажмуасини ва ундаги хонадонларни реклама қилишга фақатгина қурилиш объектининг лойиҳа декларацияси Ягона ахборот тизимида жойланганидан кейин рухсат этилади.
Агар лойиҳа декларацияси тизимда белгиланган тартибда рўйхатга олинмаган бўлса, қурувчи ва бошқа шахсларга қурилиш объектини ҳам, ундаги хонадонни ҳам реклама қилиш тақиқланади.
Қонундаги бошқа талаблар
Қонун – улуш киритиш асосидаги қурилишларда улушдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, унда улушдорлар киритган маблағлар қурувчининг ихтиёрида эмас, банклардаги эскроу ҳисобварағида сақланиши белгиланган. Қурилиш белгиланган талаблар асосида амалга оширилиб, объект фойдаланишга топширилганидан сўнг маблағлар қурувчига ўтказилади.
Қонунга кўра, қурувчи (девелопер) фақат қонунда белгиланган талабларга жавоб берган, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган, ваколатли банк билан бош битим тузган ва лойиҳа декларациясини эълон қилган тақдирдагина аҳоли маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ҳужжатда белгиланишича, улушли иштирок этиш шартномаси ва унга ўзгартириш киритиш ҳақидаги келишувлар нотариал тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
Қурувчи қонун талабларига зид равишда фуқаролар маблағларини жалб қилган тақдирда, улушдор ушбу маблағларни қайтаришни ва улардан фойдаланилганлик учун фоиз тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Зарур ҳолларда ваколатли банкни ёки қурувчини алмаштириш, қурилишнинг узлуксиз молиялаштирилишини таъминлашга қаратилган молиявий механизмлар ҳам назарда тутилган. Депутатларга кўра, бу – қурилишнинг тўхтаб қолишининг олдини олиш ва улушдорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Қонун кучга кириши учун уни Сенат маъқуллаши ва президент имзолаши керак. Унда белгиланган талаблар қонун кучга кунга қадар қурилишига рухсатнома олинган объектларга нисбатан татбиқ этилмайди.













