ЕИ молия вазирлари Украинага макромолиявий ёрдам сифатида 5 млрд евро ажратишга келишиб олди. 

«ЕИ вазирлари Украинага кредит кўринишида 5 млрд евро ажратишга тайёр», — деб маълум қилди Еврокомиссия раҳбари ўринбосари Валдис Домбровскис.

Украинага 5 млрд евро миқдорида кредит ажратиш режаси ҳақида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 7 сентябр куни хабар қилганди.

«Украинадаги вазият бизнинг тўлиқ қўллаб-қувватлашимизни талаб қилади. Бугун Европа комиссияси мамлакатга қўшимча 5 млрд евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратишни таклиф қилади», — деб ёзганди у Twitter саҳифасида. 

Ажратилган 5 млрд евро май ойида эълон қилинган макромолиявий ёрдам пакетига киради.  

Кил жаҳон иқтисодиёти институтининг ҳисоб-китобига кўра, ЕИнинг Украинага берган гуманитар ёрдами миқдори 1,3 млрд, молиявий ёрдами 11,6 млрд, ҳарбий ёрдами 2,1 млрд доллардан ошган.

Шу билан бирга, айрим Европа мамлакатлари қўшимча ёрдам пакетлари ажратган.