Жаҳон | 08:34 / 15.09.2022
4542
3 дақиқада ўқилади

Арманистон Хавфсизлик кенгаши: Ереван ва Боку сулҳга келишиб олди

Халқаро ҳамжамият иштирокида 14 сентябр оқшомидан Озарбойжон билан сулҳ бўйича келишувга эришилди, деди Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби. Боку ҳозирча Ереван баёнотига муносабат билдирмади.

Фото: Dreamstime

Арманистон ва Озарбойжон сулҳ бўйича келишувга эришди, деб хабар берди Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян 15 сентябр, пайшанбага ўтар кечаси. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Боку билан имзолаш учун тайёрланаётган ҳеч қандай ҳужжат ёки келишув йўқ.

«Халқаро ҳамжамиятнинг иштироки туфайли 14 сентябр куни соат 20:00 (Тошкент вақти билан 21:00) дан бошлаб сулҳ бўйича келишувга эришиш мумкин бўлди. Озарбойжон бу келишувга амал қилади, деган умиддамиз», - деди Григорян телеэфирда.

Озарбойжон ҳозирча бу маълумотни тасдиқлагани йўқ. Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Арам Торосян Facebook’да маҳаллий вақт билан соат 20:00 дан бошлаб барча йўналишларда ўт очиш амалда тўхтаганини, муҳим ҳодисалар қайд этилмаганини ёзди.

14 сентябр оқшомида бир неча минг киши Арманистон бош вазири Никол Пашинян истеъфосини талаб қилиб, Еревандаги Баграмян шоҳкўчасини парламент биноси ёнида тўсиб қўйди. Норозилик намойишларига Пашиняннинг Озарбойжон билан маълум бир ҳужжатни имзолашга тайёрлиги ҳақидаги баёноти сабаб бўлди, унинг сўзларига кўра, бу Арманистоннинг кўплаб фуқаролари танқидига сабаб бўлиши мумкин. ОАВ хабарларига кўра, кўпчилик ҳукумат раҳбарининг парламентдаги нутқи чоғида айтган сўзларини ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғга даъволардан воз кечиш сифатида қабул қилган. 

Кейинроқ Пашинян Facebook’даги саҳифасида ҳеч қандай ҳужжат имзоламоқчи эмаслигини маълум қилди. «Ҳурматли ватандошлар, манипуляцияга берилмасликни сўрайман. Ҳеч қандай ҳужжат имзоланмаган ва имзолашга тайёрланмаяпти. Бу ахборот диверсияси бўлиб, давлат иммунитетини синдириш мақсадида, ташқи кучлар томонидан бошқариляпти», деди Арманистон вазирлар маҳкамаси раҳбари. 

Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати бош вазирнинг сўзлари бузиб кўрсатилгани ва «турли ОАВ томонидан манипуляция қилингани»ни таъкидлади. 

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги можаро 13 сентябрга ўтар кечаси яна авж олди. Арманистон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Озарбойжон чегарадаги Варденис, Сотк, Артаниш, Ишханасар, Горис ва Капан аҳоли пунктлари йўналишини ўққа тутган. Боку Ереванни чегарада Дашкесан, Калбажар ва Лочин йўналишларидаги «кенг кўламли диверсия»да айблади. «Ушбу ҳаракатларнинг зудлик билан олдини олиш учун бўлинмаларимиз томонидан кўрилган шошилинч чоралар натижасида жанг содир бўлди», деб таъкидлади Озарбойжон Мудофаа вазирлиги ва «Арманистон қуролли кучларининг ўқ отиш нуқталарини ўчириш ва ҳарбий можаро кўламининг кенгайишига йўл қўймаслик учун «зарурий чоралар» кўрилгани»ни қўшимча қилди. 

Пашинянга кўра, Арманистон-Озарбойжон чегарасидаги тўқнашувлар натижасида икки кун ичида 100 дан ортиқ арман аскари ҳалок бўлган. Озарбойжон, ўз навбатида, ҳарбийлар орасида 50 киши ҳалок бўлганини эълон қилди. 

Мавзуга оид