Донецк ва Луҳанксдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларнинг «халқ кенгашлари», шунингдек, Украинанинг Херсон ва Запорижжя областларининг босиб олинган қисмларида Россия томонидан тайинланган маъмуриятлар бир вақтнинг ўзида Россия таркибига кириш бўйича «референдум»лар ўтказишга қарор қилди - овоз бериш жараёни 23-27 сентябр кунларига белгиланди. Бундай «референдум»лар ўтказилиши анчадан буён кутилаётганди, аммо бу ҳақда фақат ҳозирга келиб, Украина қуролли кучлари босиб олинган ҳудудларни озод қилиш учун қарши ҳужумга ўтган вақтда эълон қилинмоқда. Экспертлар буни Россиянинг Украина ва Ғарбга қўйган ультиматуми деб ҳисобламоқда.

«Халқ кенгаши 23 сентябрдан 27 сентябргача бўлган кунларни [«ЛХР»да] референдумда овоз бериш кунлари сифатида белгилаш тўғрисида қарор қилади», деган кенгаш раиси Денис Мирошниченко сешанба кунги йиғилишда. Худди шу вақтда «ДХР» «халқ кенгаши» ҳам шошилинч йиғилишда шу кунларни овоз бериш ўтказиладиган кунлар сифатида белгилади. Кейинроқ Херсон ва Запорижжя областларининг россияпараст маъмуриятлари шу кунларда Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказилиши ҳақида эълон қилди.

Шундан кейин «ДХР» раҳбари Денис Пушилин Россия президенти Владимир Путиндан «референдум якунлари бўйича ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, «ДХР»нинг Россияга қўшиб олиниши масаласини имкон қадар тезроқ ҳал этиш»ни сўради. Путин ҳозирча бунга реакция қилмади. Украинага босқин бошланишидан уч кун олдин «ЛХР» ва «ДХР» раҳбарлари Путиндан республикаларни тан олишни сўраб мурожаат қилганди. Путин уларнинг илтимосини қондирган ва уруш бошланганди.

«Референдум»лар ҳақидаги хабарлар ортидан Мосбиржа индекси геосиёсий таҳдидлар ошгани туфайли август ойи охиридан буён илк бор  2200 пунктдан қуйига қулади (10 фоиздан кўпроққа).

«Синхронлик зарурати»

Darko Vojinovic / AP / Scanpix / LETA

Донбассдаги «республика»лар ёздаёқ «референдум»лар ўтказиш ниятини маълум қилганди, ОАВда эса 11 сентябр санаси келтирилди - шу куни Россияда ягона овоз бериш куни эди. Кейинроқ россиялик ҳарбийлар босиб олинган ҳудудларни кенгайтира олмаслиги маълум бўлди ва 6 сентябр куни украин армияси босиб олинган ҳудудлардан бири - Харкив областида кенг кўламли қарши ҳужумга ўтди.

Зудлик билан «референдум»лар ўтказиш зарурлиги ҳақидаги навбатдаги баёнотлар тўлқини бир кун олдин бошланди. Улар «ЛХР» ва «ДХР» жамоат палаталари мурожаати сифатида расмийлаштирилди. Дастлаб Луҳанскда, бир соат ўтиб Донецкда ҳудудни Россия субъекти сифатида тан олиш учун зудлик билан референдум ўтказиш кераклиги талаб қилинди.