Жаҳон | 12:27 / 21.09.2022
34087
4 дақиқада ўқилади

Шойгу Россия ва Украина армиясининг урушдаги йўқотишлари ҳақида гапирди

РФ президенти Владимир Путин бугун қисман сафарбарлик ҳақида эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу қарор Луҳанск ва Донецкдаги «халқ республикалари», Херсон ва Запорижжя областларини келгусида эгаллаш ва ҳимоялаш мақсадида қабул қилинди. Шу кунларда ушбу ҳудудлар РФ таркибига кириш бўйича референдумлар ўтказиш саналарини эълон қилишганди.

Фото: «Россия 24» телеканали эфиридан скриншот

Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан буён 5 937 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлган. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу маълум қилди. Россия ҳарбий идораси йўқотишлар ҳақида март ойи охиридан буён маълумот бермаётганди.

«Буни айтмай ўтолмайман, биз анчадан бунё бу ҳақда гапирмадик: йўқотишларимиз ҳақида. Бизнинг махсус амалиётдаги йўқотишларимиз 5 937 кишини ташкил этмоқда», - деди Шойгу «Россия-24» телеканалига берган интервьюсида. Унинг интервьюси Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилиши ортидан берилди.

Унинг сўзларига кўра, ярадор бўлиб сафдан чиққан ҳарбий хизматчиларнинг 90 фоизи сафга қайтган.

Украина томони маълумотларига кўра, уруш давомида россиялик ҳарбийларнинг 55 мингга яқини ҳалок бўлган.

Шойгу Украина армияси йўқотишларини 100 мингга баҳолади - 61 минг қурбон ва 49 минг ярадор. Шунингдек, 2 мингдан ортиқ хорижлик ёлланма ҳарбийлар ўлдирилгани қўшимча қилинди.

Россия мудофаа вазирлиги ҳарбий йўқотишлар ҳақида сўнгги бор 25 март куни хабар берганди - 1351 қурбон.

МРБ маълумотларига кўра, июл ойи охирига келиб Россиянинг Украинадаги йўқотишлари сони 15 мингдан ошганди. Британия разведкаси эса июн ойидаёқ қурбон бўлган россиялик ҳарбийлар сони 20 мингни ташкил этишини хабар қилганди.

YEGOR ALEYEV/TASS 

Шойгу томонидан айтилган рақамлар BBC рус хизмати, «Медиазона» ва кўнгиллилар жамоаси томонидан расман тасдиқланган ўлим ҳолатлари асосида жамлаган маълумотлардагидан ҳам камроқ.

BBC 16 сентябр ҳолатига кўра Россия можарода камида 6 476 нафар ҳарбий хизматчисидан айрилганини тасдиқлаган. Булар фақат очиқ манбалар асосида тасдиқлаш имкони бўлган маълумотлардир, шу туфайли бу маълумот ҳақиқий йўқотишларни акс эттира олмайди.

Тасдиқланган ўлим ҳолатлари сони бўйича ҳамон Доғистон (301 киши), Бурятия (267 киши) ва Краснодар ўлкаси (256 киши) етакчилик қилмоқда.

Шойгу яна нималар деди?

Путиннинг телемурожаати ортидан эълон қилинган интервьюда Шойгу армияга захирадан 300 минг киши чақирилиши кўзда тутилаётганини маълум қилди - булар жанговар тажриба ва ҳарбий мутахассисликка эга бўлган россияликлар бўлади.

Мудофаа вазирининг сўзларига кўра, Россияда улкан сафарбарлик ресурси мавжуд — бу қарийб 25 миллион киши дегани, қисман сафарбарлик эса фақат 1 фоиздан ортиқ қисмини қамраб олади.

Вазирнинг ишонтиришича, талабалар сафарбарликка жалб этилмайди, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар эса урушга жўнатилмайди. У Россия регионлари раҳбарлари сафарбарлик доирасидаги чақирувлар ташкил этилиши таъминланиши кераклигини қўшимча қилган.

Шойгунинг сўзларига кўра, қисман сафарбарлик биринчи навбатда туташув чизиқлари ва эгалланган ҳудудлардаги назорат учун керак.

«Туташув чизиғининг ўзи, уни фронт чизиғи дейиш мумкин, 1 минг километрдан ошади. Табиийки, орқа қисмни мустаҳкамлаш, бу ҳудудларни назорат қилиш керак. Қисман сафарбарлик, биринчи навбатда шу иш учун жорий этилмоқда», деган у

Захирадан чақирилганлар тайёргарликдан ўтиши, тартибга солиниши, шундан кейингина вазифаларни бажариш учун жўнатилиши мумкин.

Шойгунинг қўшимча қилишича, ҳозирда фақат Украина билан эмас, балки коллектив Ғарб ва НАТО билан ҳам жанг кетмоқда, НАТОнинг бутун сунъий йўлдош гуруҳлари Россияга қарши ишламоқда, Украина армияси эса тўлиғича Ғарб мамлакатлари назоратида — Киевда Ғарб қўмондонлиги ўтирибди.

Мавзуга оид