Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Олий таълим вазирлиги ҳамда Бандлик вазирлигининг 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Қуйидагиларни назарда тутувчи олий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади:

  • дуал таълим мақсад ва вазифаларини;
  • дуал таълимни ташкил этиш ва унинг босқичларини;
  • дуал таълимни ташкил этиш тартибини;
  • дуал таълим иштирокчилари вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар:

а) ҳар йили 1 апрелга қадар:

иқтисодиёт тармоқларида тегишли таълим йўналишлари бўйича олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни ўрганиб, Иқтисодий тараққиёт вазирлигига таклифларни тақдим этади; 

дуал таълим ташкил этиладиган ташкилотлар бўйича Олий таълим вазирлигига таклифлар киритади;

б) дуал таълим тизимини ташкил этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни белгилайди.

Олий таълим вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар:

  • ҳар йили тасдиқланган чора-тадбирлар асосида талабаларни дуал таълим дастурлари асосида ўқишга жалб этиш ишларини ташкил этади;
  • дуал таълим ташкил этиладиган ташкилот ва олий таълим муассасасида таълим жараёнини ташкил этиш юзасидан ҳамкорлик йўлга қўйилишини ҳамда келишилган ўқув режаси ва ўқув жараёни жадвали тасдиқланишини таъминлайди;
  • талабаларни белгиланган муддатларда олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнларида иштирок этишларини ва тегишли ташкилотларда амалий машғулотлар билан бирга меҳнат фаолияти олиб боришларини таъминлайди;
  • олий таълим муассасаларида дуал таълим жараёни ташкил этилиши устидан тизимли назорат ўрнатади.

Олий таълим вазирлиги ҳар йили 1 майга қадар тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда дуал таълим ташкил этиладиган олий таълим йўналишлари ва муассасаларини белгилайди.