Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги “Олий таълим ташкилотларида мактабгача таълим йўналиши бўйича ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун ўқув жараёнини дуал таълим шаклида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги лойиҳани муҳокамага қўйди.
Лойиҳага кўра, дуал таълим шаклида ўқитиш 2026-2027-ўқув йилидан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 24 июндаги 321-сон қарори билан тасдиқланган дуал таълим шаклида мактабгача таълим бакалавриат таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйиладиган педагогика олий таълим ташкилотлари рўйхатига киритилган педагогика олий таълим ташкилотларида ташкил этилади.
Ўқув жараёни олий таълимнинг давлат таълим стандартлари ва мактабгача таълим йўналишининг малака талаблари асосида бир кун педагогика олий таълим ташкилотида, беш кун мактабгача таълим ташкилотида ташкил этилади.
Дуал таълимда ўқиш муддати 4 йил этиб белгиланади.
Дуал таълимда ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича олий таълим ташкилоти, мактабгача таълим ташкилоти ва талаба ўртасида уч томонлама шартнома имзоланади.
Талабаларнинг малакавий амалиётлари талаба фаолият юритаётган мактабгача таълим ташкилотида ўтказилади.
Бошқа таълим шакллари ва таълим йўналишларидан дуал таълимга ўқишни кўчириш, кўчириб тиклаш ва қайта тиклашда олий таълим ташкилоти талабанинг давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида педагог сифатида уч йил давомида фаолият юритаётганлигини ҳамда ўрта махсус маълумотга эгалигини инобатга олади.
Дуал таълим жараёнида талаба ҳафтанинг душанба-жума кунлари мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи фаолияти билан интеграциялашган амалий машғулотларни бажаради, LMS платформаси орқали мустақил таълим материалларини ўзлаштиради.
Ҳафтанинг шанба куни ўқув аудиториясида профессор-ўқитувчилар томонидан ўтказиладиган машғулотларда иштирок этади, LMS платформа орқали мустақил ўзлаштирилган материалларни ўқув аудиториясида семинар машғулотларида муҳокама қилиш ва амалий вазиятлар асосида таҳлил қилиш орқали билимларини мустаҳкамлайди.











