Президент Шавкат Мирзиёев 28 сентябр куни олийгоҳлар ва корхоналар ҳамкорлигида дуал таълимни ташкил қилиш, шунингдек, Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тақдимотлар билан танишди.

Тақдимотда қайд этилишича, иқтисодиёт тармоқларига иш жараёнини биладиган, замонавий кўникмаларга эга мутахассислар зарур. Шу мақсадда талабанинг олийгоҳдаги назарий таълимини корхонадаги амалий машғулотлар билан боғлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Бундан уч ой аввал 10 нафар ректор Германияга дуал таълим тизимини ўрганиш учун юборилган эди. Ушбу мамлакат тажрибасида битирувчиларнинг 70-75 фоизи ўзи амалиёт ўтаган корхонада ишлаб қолмоқда. Тақдимотда Германия тажрибасини мамлакатимиз шароитига мослаштириш ва бу жараёнда корхоналарнинг кадрлар тайёрлашдаги иштирокини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишда амалий тажриба шаклланмоқда. Жумладан, Андижон вилоятида 11 минг нафар талаба 2 мингта корхонада дуал таълим асосида амалиёт ўтамоқда.

Давлат раҳбари барча ректорларни Андижонга юбориб, ушбу тажрибани жойида ўрганишни топширди. Германияда бўлган ректорлар ҳудудлар ҳокимларига бириктирилиб, дуал таълимни ташкил этиш бўйича аниқ стратегия ва илмий асосланган таклифлар тайёрлайди.

Учинчи ва тўртинчи босқич талабаларининг камида 80 фоизини, яъни 185 минг нафар ёшни дуал таълим билан қамраб олиш мақсади белгиланди. Дастлаб муҳандислик, ишлаб чиқариш, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларга устуворлик бериш таклиф этилмоқда. 2027/2028 ўқув йилида ушбу шаклдаги таълимга 75 та олийгоҳ ва 3,5 мингта корхонани жалб қилиб, 12,5 минг нафар талаба учун ўқиш ва амалиётни биргаликда ташкил этиш режалаштирилган.

Янги моделда олийгоҳ, корхона ва талаба ўртасидаги муносабатлар шартнома асосида йўлга қўйилади. Ўқув дастури корхона эҳтиёжига мослаштирилиб, талабага иш жойида малакали мураббий бириктирилади. Амалиёт ўқиш билан бир вақтда ёки соҳа хусусиятидан келиб чиқиб алоҳида даврда ташкил этилиши мумкин.

Талабаларни амалиётга қабул қилган, улар учун ўқиш шароитини яратган ва кейинчалик ишга жойлаган корхоналарни рағбатлантириш чоралари ҳам тақдимот қилинди.

Хусусан, талабага тўланган иш ҳақининг 50 фоизини субсидия сифатида қоплаш, божхона тўловлари ва амортизация бўйича имтиёзлар бериш, 25 нафардан ортиқ талабани амалиётга олган корхоналарга давлат харидларида преференциялар қўллаш таклиф қилинмоқда. Бундай қўллаб-қувватлашни инсон омилини камайтирган ҳолда рақамли платформа орқали амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.