Президентнинг “Соғлиқни сақлаш бошқарув органларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибидаги Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси, Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси, Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси, Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ўрнида Соғлиқни сақлашни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси тузилади ва жамғарма фаолияти ягона бошқарувини таъминлаш мақсадида вазирликда 10 та штат бирлигидан иборат бошқарув департаменти ташкил этилади.
Қуйидагилар жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланади:
- Ўзбекистон давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар;
- Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббиёт техникаси экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази ихтиёрида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойда 50 фоизи ҳамда муассиси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисобланган корхоналар ихтиёрида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойдаси;
- тиббиёт соҳасидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишдан тушадиган ҳамда давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасалари томонидан қонунчиликда белгиланган миқдорларда йўналтирилиши белгиланган маблағлар;
- Ўзбекистон давлат бюджетига тушадиган маблағларни 29 фоиздан 10 фоизга камайтирган ҳолда, мобил алоқа хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўланадиган тўлов суммаси 19 фоизи;
- халқаро ва хорижий молия институтлари, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлар грантлари ва техник кўмак маблағлари;
- қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Белгиланишича, жамғарма маблағлари:
- Тез тиббий ёрдам хизматини такомиллаштириш, Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш, Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш ҳамда Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағларидан фойдаланиш бўйича қонунчиликда назарда тутилган харажатларга;
- соғлиқни сақлаш вазири буйруғига асосан соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, моддий-техник базани яхшилашга;
- ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш ва ривожлантириш, давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт кадрларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун хорижий етакчи тиббиёт ҳамда илмий муассасаларга юбориш, республикага малакали хорижий тиббиёт мутахассисларини ва бошқа экспертларни жалб қилиш ва тизимда олиб борилаётган бошқа ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга йўналтирилади.











