Ўзбекистон | 09:21 / 04.10.2022
9951
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси бўлиб ўтади

МДҲ ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедевга кўра, ҳамдўстлик давлатлари раҳбарлари бўлажак саммитига тайёргарлик жуда юксак даражада.

Фото: Dunyo

Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲ олий органлари - Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва ҳамдўстлик Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисларига тайёргарлик кўриш давом этмоқда. Бу ҳақда ижроия қўмита раиси - МДҲ ижрочи котиби Сергей Лебедев баёнот берди.

Ҳамдўстлик Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши 14 октябрь куни Қозоғистон пойтахтида юзма-юз форматда бўлиб ўтади. Ҳамдўстлик Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишини 12 октябрь куни Остонада ўтказиш режалаштирилмоқда.

"Биз МДҲ олий органлари бўлажак мажлисларига тайёргарлик кўряпмиз. Улар Остонада уч кун давом этиши тахмин қилинмоқда – 12, 13, 14 октябрь кунлари. 13 октябрь куни Остона шаҳрида ҳамдўстлик доирасидаги тадбирлар билан бир қаторда, Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича анжуман ҳам ўтказилади”, деди Сергей Лебедев.

Унинг сўзларига кўра, иш жадвали жуда тиғиз бўлгани боис, ҳозир 12 октябрь куни МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишини ўтказиш кўриб чиқилмоқда.

"Шерикларимиз билан алоқадамиз, кўпчилик бу санани қўллаб-қувватламоқда. 13 октябрь куни СВМДА саммити, 14 октябрда эса МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади", деди МДҲ ижроия қўмитаси раиси.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид