“Ариза ёзасан, бўлмаса мол-мулкингни мусодара қиламиз”. Учкўприк фермерлари ўтган асрнинг 30-йилларига тушиб қолди
Фарғона вилояти Учкўприк туманида профилактика инспекторлари томонидан прокуратура ва ҳокимликка олиб келинган фермерлар бинога қамаб қўйилиб, олдиндан тайёрлаб қўйилган аризаларга қўрқитиб қўл қўйдирилиб, ерни топширишга мажбурланди. Бу каби ҳолатлар бутун Фарғона бўйлаб кузатилаётгани айтилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Учкўприкдаги фермерларни прокуратура ҳамда ҳокимият биносига қамаб, уларга “кўнгилли-мажбурий” тарзда “еримни ўз хоҳишим билан топшираман” мазмунида ариза ёздирилаётгани ҳақида гаплар тарқалди. Учкўприкда тузилган қ/х кооперативлари етиштирган пахта қароқчилик қилиб олиб кетилгани ҳақида ёзгандик, ва табиийки бу хабарларга бефарқ бўлолмадик – у ерда фермерлар билан алоқага киришдик. Шуни таъкидлаш керакки, кўплаб фермерлар маъмурий идораларнинг турли босимлари кучайишидан чўчиб, ҳолатни бизга тасвирлаб берган бўлсалар-да, исмларини ошкор қилишни исташмади.
“Омад Рахмон Мастона” фермер хўжалиги раҳбари Дилсора Умрзоқова:
— Беш кундан бери прокуратура чақиряпти, кеча борганимда мени асосий (фермерлар чақириб тўпланган) залга киритишмади, ҳамма ташкилотларнинг раҳбарлари бор эди (тўртта сектор). Чақиришдан мақсад – “пахта плани”ни бажармаган фермерларни чақиришибди.
Мен аслида кластер билан 120 тонна пахта топширишга шартнома тузганман, 123 тонна пахта топшириб шартномани бажардим, ҳозир булар 54 гектар пахта эккансан ва 161 тонна пахта сотишинг керак дейишяпти...
Ерларим чўл ҳудудида жойлашган, ва у айтилаётган ҳосилни бермайди. Мендан эса шартномамда кўрсатилган пахта тоннасидан ортиқча пахта сотишимни талаб қилишяпти. Бу ишлар билан бизларнинг – фермерларнинг президентимизга бўлган ишончини сўндиришяпти-ку! Кимга ишонишни билмаяпмиз-ку.
Фермерлар кимга ишонишни билмаяпти.
Айниқса ҳозир, дон экиш пайтида прокурор эрталабдан чақириб вақтимизни олиб, ўз ҳукмини ўтказяпти. “Ариза ёзасан, бўлмаса мол-мулкингни мусодара қиламиз”, “Мажбурсан, пахта сотасан” деб босим ўтказиб вақтимизни оляпти, оқибатда дон экиш ҳам кечикяпти. Ҳозир айни буғдой экиладиган пайт-ку, кейинги ҳафта ёмғир ёғади дейишяпти. Ёмғир ёғса дон экиш ишларимиз яна ҳам кечикиб кетади-ку, шу билан келаси ҳосил хам барбод бўлади.
Ҳурматли президентимиз айтган-ку, “центнер қўйилмайди, кластер ва фермер ўзаро келишиб ишлайди” деб. Бу раҳбарлар – ҳоким, прокурор, ички ишлар ва умуман тўртта сектор раҳбарлари фермернинг ишига аралашишга қонунан ҳаққи йўқ-ку.
Вилоятдан келган прокуратура ходимлари “биз айтган тоннани бажармасанг ерингни оламиз” дейишди. Мен яна 40 тонна пахта беришим керак экан. Ҳар куни бизни чақиришади, бугун ҳам чақиришди, бугун ҳам бориб келдик. “Пахта терасан ё бўлмаса пулингга сотиб олиб топширасан”, деяпти. Мен аёл бошим билан қаердан оламан пахтани, унинг устига центнерни ошириб қўйган бўлса.
Бу йил айтганини қилиб пулимга олиб берсам, кейинги йил “план”ни яна ҳам ошириб қўяверишади-да. Қонунан олиб қараганда ҳаққи йўқ бунга, булар эса тушунмаяпти. Мен ҳокимга телефон қилиб “бу ноқонуний бўляпти” десам, ҳоким “бу қонуний, келсангиз биз сизга қонунни кўрсатиб қўямиз”, дейишди.
Мен кимга ишонишни билмаяпман. Бу янги қарорларни ҳурматли президентимиз чиқариб қўйган бўлсалар, булар (тўртта сектор) нимага бизни ишимизга ноқонуний равишда аралашади. Фермер билан кластер ўзи келишиб ишлайверади-ку, аралашиш шартмас-ку. Фермер ўз даромадини оширишга ҳаракат қилади, фойда ҳам, зиён ҳам фермернинг ўзига-ку.
Кластер пахтани қандай қабул қилишидан ҳам эътирозим бор: ПКга (пахта қабул қилиш далолатномаси) 8600 сўм ёзиб беришяпти, ташиш харажатлари эса битта прицеп учун 30 минг сўм деб ёзишди. 30 мингга нима беради? 10 литр солярка бермайди-ку ҳозирги кунда. Топширган пахтамни камида 3 тоннасини “скидка”га чиқариб қўйишган ва умумий тоннадан қирқиб ташлашган.
Унинг устига яна қуритиш ва тозалаш деб ҳар бир олиб кирилганда 924 минг сўм олишяпти. Ҳар бир пахта олиб кирганимда бир миллион сўмга яқин пулни ташлаб чиқаверсам... Пахтанинг нархи нимага 8600 сўм (минимал нарх 10025 сўм деб белгиланган) десам , бу ҚҚС чиқариб ташлангандан кейинги нарх, биз сизларнинг ҚҚСингизни ўзимиз тўлаймиз” дейишяпти. Бу фермерга зарар, чунки бу ҳолда фермер маҳсулот сотиб олгандаги ҚҚС суммалари куйиб кетади. Мен “йўқ” деб 10025 сўмдан ҳисоб-фактура жўнатсам, қабул қилишмаяпти.
Агар пахта ҳам ғаллага ўхшаб биржага чиқарилганда фермерлар хотиржам ишлар эди, рақобат кучаярди, ҳосилдорлик ва даромад ҳам ошар эди.
Акбаржон Абдуллажонов, “Саховатпеша Ёқубжон” ф/х раҳбари:
— Уйимга келиб, прокуратурага борасан дейишди. Бордим. “Аризангни ёзасан” дейишди. Мажбурлаб ариза ёздиришди. Аризани ёзиб, ташлаб чиқиб кетдим. Аччиқ қилиб бироз гапирдим. Бу учун яна Ички ишларга чақиришди, бормадим.
“Фарғона Глобал Текстил” кластер билан пахта етиштириш бўйича шартнома тузгандим. Икки ой ичида кластер билан келишолмай қолдим, чунки апрел ойида 10 фоиз пул тушириб берамиз дейишганди, аммо туширишмади. Шунда пахтани ўзим етиштиришга қарор қилдим. Пишган пахтани олиб бордим кластерга, ўртада шартнома бўлгани учун. Жуда кўп скидка чиқаришди. Пахтани қайтариб келиб, хирмонимга босдим. Ички ишлардан келиб, “пахтани кластерга олиб бор”, дейишди. Уларнинг босими билан пахта кластерга олиб борилди. Ҳозир босимлар давом этяпти.
Кластер билан шартнома тузаётганда тоза бланкага муҳр босганман. Шартноманинг бир нусхаси қўлимда бўлиши керак аслида, қўлимда эмас.
— Нега тоза бланкага муҳр босасизлар?
— Шунга ўрганиб қолганмиз... Яна соддалигимиз тутди...
— Ўзларингизга душманлик қиласизлар-да шунақа қилиб?
— Ҳа...
— Қўл қўйишга мажбурлашди деяпсизлар. Қай тарзда мажбурлашди?
— Аризангни ёз дейишди.
— Йўқ, ёзмайман деса нима бўларди?
— Унда “чора кўришлари” мумкин деб ўйладим.
— Қандай чора?
— Билмадим. Ички ишлардан уйингизга “вакиллар” боравергандан кейин, ўзингизнинг, уйингиздагиларнинг соғлиги бузилади. Босимлардан қутулай деб воз кечиб юборасиз ҳаммасидан...
— Бу ишлар ноқонуний эканини фермерлар тушунишяптими?
— Биляпмиз. Аммо чўчияпмиз.
— Лекин охирги пайтда сиз фермерларнинг ҳуқуқий билимларингиз ошди-а анча?
— Ҳа, анча ошди билимларимиз. Фақат ҳалиям ҳуқуқларимизни ростдан танимаймиз, шу учун шунақа вазиятга тушиб турибмиз.
— Мана ҳозир икки тадбиркорлик субъекти орасидаги ишга маъмурий идоралар аралашаётганини англаяпсизларми?
— Ҳа. “Бир дарвозага ўйин” бўляпти. Фермерларга босим бўляпти. Шартномалар кўнгиллилик асосида бўлиши керак. Босим остида шартномалар тузиляпти. Тоза бланкага.
— Нега сиз фермерлар бирлашиб бўлса-да, яхши ҳуқуқшуносларни жалб қилиб, ҳуқуқларингизни ҳимоя қилмайсизлар? Ахир, мудҳиш қонунбузарликларга дуч келиб турибсизлар.
— Шунинг ҳаракатидамиз. Президентимиз яхши қонунлар чиқаряпти. Пахта давлат монополиясидан чиқарилди. Идоралар аралашиши мумкин эмас. Аммо улар тўхтатгани йўқ аралашишни.
***
Маълумот учун айни пайтда Учкўприк туманига шу йил 23 май куни тасдиқланган Аброржон Асқаров ҳокимлик қилади.
Ўктамжон Йўлчиев эса шу туманнинг прокурори ҳисобланади.
Манбаларнинг айтишича, фермерлардан ерларини “ихтиёрий” равишда ҳокимлик захирасига қайтариш тўғрисидаги аризаларни олиш топшириғи юқорироқдан, яъни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва бош вазирнинг соҳага масъул ўринбосари Шуҳрат Ғаниевлардан бўлган бўлиши мумкин.
Вазиятни ўрганган Адлия вазирлиги Учкўприк туманида фермерлар ҳокимият биносига чақирилиб, ўз ерларидан “ихтиёрий” воз кечиш юзасидан ариза расмийлаштирилганини тасдиқлади.
Вазирлик баёнотида айтилишича, жорий йилнинг 13 октябрь куни Фарғона вилояти Учкўприк тумани ҳокимлиги биносига чақиртирилган нотариус М.Э. томонидан ер ижара шартномалари бекор қилинишини сўраб 16 та фермер хўжалиги раҳбарларидан ҳоким номига ёзилган аризалар қонунларга зид тарзда тасдиқлагани маълум бўлди.
Вазирлик президент фармонига асосан жорий йил 1 сентябрдан бошлаб ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисидаги ариза фақат нотариал тартибда тасдиқланиши қатъий белгилангани, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарори билан бекор қилиниши мумкин эмаслигини эслатди.
Шокир Шарипов тайёрлади.
Мавзуга оид:
Мавзуга оид
07:35 / 20.12.2024
Қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосар тайинланди
17:54 / 17.12.2024
Фарғона вилоятида Умра зиёратини ноқонуний ташкил этиш билан шуғулланганлар қўлга олинди
14:06 / 12.12.2024
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 16 фоизга ошди
11:00 / 10.12.2024