Жаҳон | 07:41 / 19.10.2022
11814
2 дақиқада ўқилади

АҚШ захирасида сақлаб турган 15 миллион баррел нефтни сотади

АҚШ Энергетика вазирлиги декабрь ойида стратегик нефть захирасидан 15 миллион баррель нефтни бозорга етказиб беради, деб хабар қилди Оқ уй.

Фото: Reuters

АҚШ Энергетика вазирлиги декабрь ойида бозорга чиқариладиган мамлакатнинг стратегик нефть захирасидан (SPR) 15 миллион баррелини сотиш тўғрисида билдиришнома эълон қилади. Бу ҳақда 18 октябр, сешанба куни Оқ уй матбуот хизмати хабар берди. AFP агентлигининг хабар беришича, АҚШ президенти Жо Байден 19 октябр куни тегишли баёнот билан чиқади.

«Сотиш президент томонидан баҳорда эълон қилинган, хом нефть бозорларини барқарорлаштириш ва ёнилғи қуйиш шохобчалари нархларини пасайтиришга ёрдам берган тарихий 180 миллион барреллик захираларни қисқартиришни якунлайди», деб хабар берди Оқ уй.

Америка раҳбари, шунингдек, Энергетика вазирлигини Россиянинг жаҳон бозорларини бузиш ҳаракатлари ёки бошқа омиллар туфайли зарурат юзага келадиган бўлса, жорий қишда SPR ҳажмидан қўшимча сотувларга тайёр туришга чақиради.

Ҳозирги нефть савдоси ОПEК+ мамлакатлари томонидан эълон қилинган сўнгги ишлаб чиқаришни қисқартиришга жавоб бўлади.

Россияни ўз ичига олган ОПEК+ ташкилотининг нефть экспорт қилувчи давлатлари, юқори энергия нархлари туфайли юзага келган хавотирларга қарамай, ҳеч бўлмаганда нархларни барқарорлаштириш учун нефть қазиб олишни камайтиришга қарор қилди. Ноябрь ойидан бошлаб ОПEК+ аъзоси бўлган 23 мамлакат ишлаб чиқаришни кунига икки миллион баррелга қисқартиради, деб хабар қилди ташкилотнинг Венадаги бош қароргоҳи 5 октябрда.

Бу узоқ вақт давомида нефть қазиб олишнинг энг катта қисқаришидир. Глобал рецессия таҳдиди фонида нефть нархи июнь ойидан бери 30 фоизга тушиб, бир баррель учун 120 доллардан 90 долларга пасайди. Жо Байден маъмурияти ОПEК+'га нефть қазиб олишни қисқартиришдан воз кечиш учун босим ўтказмоқда, аммо бу ҳеч қандай натижа бермади. Байден нефть экспорт қилувчи мамлакатларнинг қароридан ҳафсаласи пир бўлганини билдириб, буни «узоқни кўра билмаслик» деб атади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид