12:52 / 31.10.2022
3938

Хоразмда “Касб маҳорати” мусобақаси ўтказилди

“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан соҳа ходимлари ўртасида “Ҳар бирингизнинг ҳаётингиз мен учун қадрли” шиори остида “Касб маҳорати” мусобақаси ўтказилди.

Фото: Хоразм ҲЭТК

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Бошқарув раиси ташаббуси билан Жамият ходимлари ўртасида меҳнатни муҳофаза қилиш, иш жараёнида хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилиш, шунингдек, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида ҳар йили ташкил этиб келинаётган “Касб маҳорати” мусобақасининг бу йилги республика босқичига “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мезбонлик қилди. Мазкур мусобақа “Ҳар бирингизнинг ҳаётингиз мен учун қадрли” шиори остида бўлиб ўтди. 

Янгиариқ туман электр таъминоти корхонасида янгидан қурилган махсус ўқув майдонида ўтказиладиган баҳсларда Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг тақсимловчи тармоқлар қурилмаларини таъмирлаш бўйича усталари, диспетчерлар, тақсимловчи тармоқлар қурилмаларига хизмат кўрсатувчи электромонтёрлардан ташкил топган жами 14 та жамоада 120 нафардан ортиқ ходим ўз билим ва тажрибаларини синовдан ўтказишди.

Жумладан, жамоаларнинг ҳуқуқий, сиёсий ва хавфсизлик техникаси қоидаларига оид билимлари, шартли электр қурилмасида юзага келган ёнғинни ўчириш, юзага келган носозликни бартараф этиш жараёнида хавфсизлик техника қоидаларига риоя қилган ҳолда тўғри иш ташкил этиш, носозликни ўз вақтида сифатли бартараф этиш ва кучланиш остига тушган шартли жабрланувчини хавфсиз жойга ўтказиш ҳамда биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш каби вазифаларни уддалашлари синовдан ўтказилди.

Берилган топшириқларни уюшқоқлик билан, тезкор ва сифатли бажарган қуйидаги жамоалар ҳаракати юқори баҳоланиб,

1-ўрин – “Хоразм ҲЭТК” АЖ;

2-ўрин – “Андижон ҲЭТК” АЖ;

3-ўрин – “Фарғона ҲЭТК” АЖга насиб этди.

Мусобақанинг ғолиб жамоалари ва турли йўналишлар бўйича фаол қатнашган ходимлар қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Top