Жаҳон | 13:50 / 09.11.2022
5500
4 дақиқада ўқилади

АҚШдаги сайловлар: республикачилар кичик фарқ билан олдинда боряпти

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасига сайловларда овозларни санаб чиқишда республикачилар етакчилик қилмоқда, улар орасида Трампнинг юздан ортиқ тарафдорлари охирги президентлик сайлови натижаларини инкор этган.

Фото: Reuters

Республикачилар партияси аъзолари АҚШ Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил этиши ва губернаторлик сайловлари Конгрессга оралиқ сайловлар билан бир вақтда ўтказилаётган АҚШнинг аксарият штатлари ва ҳудудларида кўпчилик ўринни қўлга киритиши мумкин. Бу ҳақда CNN телеканали 9 ноябрь, чоршанба кунги дастлабки маълумотларга таяниб хабар берди.

Вакиллар палатасида Республикачилар партиясининг устунлиги шундан далолат берадики, овозларни санашнинг дастлабки маълумотларига кўра, уларга камида 207 ўрин берилган, демократлар эса 188 ўринни тасдиқлай олган. Кўпчиликни қўлга киритиш учун партиялардан бири АҚШ парламенти қуйи палатасида 218 ўринни қўлга киритиши керак. Шу билан бирга, Сенатдаги ўринлар учун олдиндан айтиб бўлмайдиган кураш давом этмоқда - ҳозирча 48 демократ 47 республикачига қарши. Бундай маълумотлар abc телекомпанияси томонидан тақдим этилган.

CNN маълумотларига кўра, республикачилар ҳозирча Вакиллар палатасида 195 та, демократлар эса 174 тадан ўринга эга. Сенатга сайловларда эса ҳар икки партия 48 тадан ўринга эга.

АҚШнинг турли штатлари губернаторлари учун сайловларда демократлар 21, республикачилар эса 24 ўринга эга. Бироқ ҳали ҳамма овозлар ҳисоблаб чиқилмаган.

DPA агентлигининг қайд этишича, оралиқ сайловларда камида 133 нафар республикачи номзод ғалаба қозонган, улар АҚШда 2020 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижаларига шубҳаларини очиқ билдирган, ўшанда собиқ президент Доналд Трамп Жо Байденга ўз ўрнини бўшатиб берганди.

Бундай сиёсатчилар орасида президентлик сайловлари натижалари бўйича АҚШ Олий судида суд жараёнларини қўллаб-қувватлаган Алабама штатидан Вакиллар палатаси аъзолари, Майкл Пенснинг собиқ ёрдамчиси, сайловларни очиқчасига «шубҳали натижага эга фирибгарлик» деб атаган Диего Моралес ва Доналд Трамп тарафини олган бошқа республикачилар ҳам бор.

Шу билан бирга, Brookings таҳлил маркази аввалроқ 2020 йилги сайлов натижаларига шубҳа билдирган, оралиқ сайловларда қатнашаётган камида 300 номзодни санаб чиқди.

Сайлов участкалари ёпилишидан олдин собиқ президент Доналд Трамп сайловда қонунбузарликлар борлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, ўша куни сайлов участкаларида кўплаб сайловчиларга аллақачон овоз берганликлари айтилган. Бу борада Трамп Детройтдаги вазиятни «жуда ёмон» деб атади. Унинг сўзларига кўра, республикачилар тарафдорлари кўп яшайдиган штатларда муаммолар ва «катта муваффақиятсизликлар» юзага келади. Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ўз тарафдорларига «Норозилик билдиринг, норозилик билдиринг, норозилик билдиринг», деган чақириқ билан чиқди.

Сайлов участкаларидан чиқиш вақтидаги сўровларга кўра, АҚШ сайловчиларининг қарийб 80 фоизи ўз штатларида ўтказилган сайловлар адолатли ўтганига ва овозлар тўғри ҳисобланишига «ҳеч бўлмаганда бироз ишонч»га эга.

Респондентларнинг қарийб ярми «бу борада жуда ишонишини» айтди. Сўров иштирокчиларининг 20 фоизи сайловнинг ҳалоллигига ишони камлиги ёки умуман йўқлигини тан олди.

Шу билан бирга, сўралганларнинг 70 фоизи АҚШ демократияси «бироз» ёки «жиддий» таҳдид остида эканлигини ҳис қилишган. Фақат 30 фоиз овоз берувчилар қарама-қарши фикр билдирган.

Мавзуга оид