14 ноябр куни Олий Мажлис қонунчилик палатасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўртасида Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги Битимни ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари юзасидан ахборот берди.

Ҳукумат раҳбарининг маълум қилишича, қўшни Қирғизистон билан келишилмай қолган 35 участка – жами 302 км чегаралар бўйича якуний келишувга эришилган. Битим устида 5 йилдан ошиқ вақт давомида ишланиб, якуний тўхтамга келинган.

Унга кўра, қуйидагича ерлар алмашинуви таклиф қилинмоқда:

– Қирғизистон ҳудудидаги Андижон сув омборининг ҳудуди 4 минг 957 гектарни ташкил қилади. Ўзбекистон сув омбори ўрнига Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Ошахўр участкасидан 1 минг 19 гектар яйлов ер майдони беришни таклиф этмоқда;

Шунингдек, сув омбор ва тўғонга хизмат кўрсатиш учун яна 19 гектар майдон Қирғизистон ҳудудидан Ўзбекистонга ўтказиляпти. Сув омборидан қирғизистонликлар ҳам айрим мақсадларда фойдаланишига рухсат берилади.

«Андижон сув омбори қурилган СССР даврида Ўзбекистон чап қирғоқдан 200 километрдан узунроқ канал қуриш мажбуриятини олган эди. Лекин у қурилмай қолиб кетган. Шу сабабли Қирғизистон тарафи Бурганди массивида 8 минг гектардан ортиқ ерларни ўзлаштирмай қолган.

Ушбу ерларни компенсация қилиш мақсадида олдиндан баҳсли бўлган Наманган вилоятининг Поп ва Чуст туманларидаги «Ғовасой» участкасидан 12 минг 709 гектар яйлов майдонларини Қирғизистонга ўтказиб бериш таклиф қилиняпти», дея Абдулла Ариповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.