Хотинининг 6 та қовурғасини уриб синдирган эрга ҳукм ўқилди
21 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судида турмуш ўртоғини уриб оғир тан жароҳати етказганликда айбланган 49 яшар эркакка оид жиноят иши кўриб чиқилди. Суд томонидан унга 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Маълум бўлишича, шу йилнинг 23 июл куни судланувчи ва унинг шаръий никоҳида бўлган аёл ўртасида келишмовчилик келиб чиққан. Жанжал эр-хотин бир-бирини пичоқлашигача бориб етган.
Оғир жароҳат олган аёл кўчага қочиб чиқишга муваффақ бўлган ва ички ишлар ҳамда тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилган. Шифокорлар аёлга биринчи ёрдам кўрсатгач, уни шифохонага олиб кетишган.
21 ноябр куни жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман судида ушбу жиноят иши кўриб чиқилди.
“Ўша куни у телевизор кўриб ётган эди, кўзим кетиб ухлаб қолган вақтимда устимга чиқиб, мени қўллари билан бўғаётганди. Шунда чўчиб кетиб, “Нима қиляпсиз?” деб уни оёқларим билан тепдим. Шундан кейин у қўлларини бўйнимдан олди, аммо ҳаракатимдан жаҳли чиқиб, мен роса калтаклади.
“Дод” деб бақирдим, ўзимни ҳимоя қилиш мақсадида ёстиғимнинг таг қисмида бўлган ошхона пичоғини олиб, уни ўзимдан узоқлаштирмоқчи бўлдим. У “Сени ўлдираман, болаларни Болалар уйига топшираман”, деди. Қўлимдаги пичоқни кўриб, пичоқ ушлаган қўлимни ушлаб олиб, пичоқни ташлашимни, шундай қилсам урмаслигини айтди.
Гапларига ишониб, пичоқни ерга қўйгандим, у пичоқни олиб менга ташланди. Чап қўлим билан ўзимни ҳимоя қилдим. Уни оёғим билан тепиб ўрнимдан турдим ва кийимларимни олганча кўчага қочдим. Ташқарига чиқиб, 102 хизматига ва тез ёрдамга қўнғироқ қилдим. Тез тиббий ёрдамдагилар келиб, менга ёрдам кўрсатишди ҳамда шифохонага олиб кетишди”, дейди жабрланувчи.
Аниқланишича, судланувчи аёлининг 5 қовурғасини синдиради. Бундан ташқари, текширувлар давомида аёлда бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, қўл ва оёқдаги кўплаб кесилган яралар, иккала кўзости, чап елка соҳаларида қонталашлар аниқланган. Буларнинг барчаси суд-тиббий экспертизасида ўз тасдиғини топган.
Судланувчи суддаги чиқишида аёлининг юзига тарсаки туширганини тан олган, лекин унинг қовурғаларини уриб синдирмаганини таъкидлаган.
“Жабрланувчи менинг иккинчи турмуш ўртоғим. Унга алимент пулларини ўз вақтида тўлай олмаганим учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққанман. Аммо кейинчалик у билан муносабатларим яхшиланиб, бирга кўришиб турганмиз.
Ўша куни нафсониятимга тегди, сўнг ўзаро тортишиб қолдик, қўлим билан аёлимнинг юзига икки марта урдим. Шунда аёлим ёстиғининг таг қисмидан пичоқни олиб, менга бир неча жароҳат етказди. Сўнг пичоқни ушлаган қўлидан пичоқ аралаш ушлаб олдим. Талабимдан кейин пичоқни ташлади, сўнг уни бир тепганим учун кийимларини олиб кўчага чиқиб кетди.
Олган жароҳатларим оқибатида кўп миқдорда қон йўқотиб, ухлаб қолдим. Ички ишлар органлари ходимлари келиб уйғотишди. Аёлимга пичоқ билан тан жароҳати етказмадим ва бундай мақсадим ҳам бўлмаган. Хотинимнинг қўли ва баданидаги кесилган жароҳатлар пичоқни унинг қўлидан олиш жараёнидаги олган тан жароҳатлар бўлиши мумкин. Аёлимнинг қовурғаларидаги синишлар қандай содир бўлганини билмайман. У шахсиятимга теккани учун ушбу жанжал келиб чиқди. Айбимни тушуниб етдим, қилмишимдан пушаймонман”, дейди судланувчи.
Эътиборлиси, тергов давомида ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган пичоқда на судланувчи ва на жабрланувчининг бармоқ излари аниқланган.
Жабрланувчининг адвокати сўнгги пайтда хотин-қизларга зулм кучаяётганини таъкидлаб, суддан бошқа муштумзўр эрларга сабоқ бўлиши учун ҳам судланувчини 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишни, судланувчининг ҳимоячисига эса енгилроқ жазо берилишини сўради.
Суд томонидан қонунбузар 2 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
19:12 / 31.10.2024