Германия судларида сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган даъво аризалари сони кескин кўпайди, деб ёзади Bild.
Қайд этилишича, ChatGPT фуқароларга бир неча сония ичида ҳажман катта юридик ҳужжатларни яратиш имконини бермоқда. Бироқ бундай ҳужжатларда кўпинча тўқиб чиқарилган суд қарорлари ва мавжуд бўлмаган ҳуқуқий нормаларга ҳаволалар учрамоқда. Судлардан бирига 4500 саҳифадан иборат даъво аризаси келиб тушган.
Айниқса, фуқаролар адвокатсиз мурожаат қилишлари мумкин бўлган ижтимоий судларга тушаётган юклама сезиларли даражада ошган.
Баден-Вюртемберг федерал ерида бир йил ичида шошилинч суд ишлари сони 60 фоизга, ижтимоий нафақалар бўйича низолар эса 80 фоизга ошган. Баварияда 2026 йилнинг биринчи ярмида нафақалар билан боғлиқ даъволар сони 60 фоизга ўсган.
Шу билан бирга, судялар келиб тушган ҳужжатларни, ҳатто улардаги матннинг катта қисми ишга алоқадор бўлмаса ҳам ўрганиб чиқишга мажбур.
Судларга тушаётган юклама ортиб бораётгани фонида Германия Адлия вазирлиги процессуал қонунчиликни ислоҳ қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Ислоҳот доирасида суд ҳужжатларининг ҳажми ва расмийлаштирилишига нисбатан талаблар белгиланиши мумкин.
Шунингдек, судлар ҳам узун аризаларни таҳлил қилиш ва қисқартиришда сунъий интеллектдан фойдаланиши назарда тутилмоқда.
















