Жаҳон | 00:40 / 25.11.2022
9184
2 дақиқада ўқилади

Запорижжя АЭС энергия таъминоти тиклангани маълум қилинди

Фото: Wikipedia

Украинадаги Запорижжя атом электр станциясининг электр таъминоти узилиб қолганидан 1 кун ўтгач қайта тикланди. 

Бу ҳақда МАГАТЭ раҳбари Рафаэл Гросси хабар берди. 

Шунингдек, у Украинадаги барча атом электр станцияларининг ташқи қувватдан узилиши билан боғлиқ вазиятни «мисли кўрилмаган» деб атади ва бундан бир неча ой олдин буни тасаввур қилмаганини айтди.

«Дунёнинг диққати Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлган Запорижжя АЭС ҳудудида юзага келган хавфли вазиятга қаратилган бўлса-да, мамлакатдаги бошқа ядровий иншоотларни ҳам унутмаслик керак. 

Кеча, биринчи марта Украинадаги барча тўртта атом электр станцияси: Запорижжя, Ривне, Жанубий Украина ва Хмелницкий АЭС ташқи электр таъминотидан узилиб қолган эди. Уларнинг барчаси фавқулодда дизел генераторларидан фойдаланмоқда», деди у.

24 ноябр куни Россия томонидан Украина энергетика объектларига берилган ракета зарбаларидан кейин, 4 та АЭС ташқи электр таъминотидан узилиб қолган эди. 

Станцияларда реакторларни совитиш учун электр энергияси талаб қилинади. Энергия узилиб қолган тақдирда, улар чекланган вақт давомида захира қувват билан таъминлайдиган фавқулодда дизел генераторларига уланади. Запорижжя АЭС дизел генераторлари 10 кун давомида энергия бериш қувватига эга.

Мавзуга оид