Ўзбекистон | 13:27 / 05.12.2022
17652
2 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров яна энергетика соҳасини хусусийлаштириш ҳақида гапирди

Қиш кунлари ўзбекистонликлар жойларда газ ва электр энергияси мунтазам узилишлари содир бўлаётгани учун расмийларни тез-тез танқид қилади. Бу, айниқса, ҳозир мамлакат ҳудудларида яққол сезилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров энергетика соҳасини хусусийлаштириш кўплаб муаммоларни ҳал қилади, деб ҳисоблайди. Депутат Нью-Йоркнинг тунги суратини ҳам чоп этди.

Фото: Telegram / Алишер Қодиров

«100 сўмга ишлаб чиқариб 101 сўмга сотасан, қаноат билан 1 сўм даромадга рози бўласан. Шу 1 сўм ҳам 1 миллиардга айланади. 990 миллионини бозорни ушлаб туриш учун тармоқларни таъмирлашга сарф қиласан», – деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида.

Унинг фикрича, қиммат ишлаб чиқариш ва арзонроқ сотиш фойдасиз.

«100 сўмга ишлаб чиқариб 25 сўмга сотсанг, 75 сўмини қарздан қоплаб, тармоқни 3-4 йилда бир марта бюджетдан орттира оладиган пулга таъмирласанг… қиш совуқ, қор ва депутатлар, уларга боғлиқ бўлмаса ҳам (газ ва электр энергиясидаги узилишлар - таҳр.), одамларга қора кўринаверади», – дея таъкидлаб ўтди у.

17 ноябрь куни ҳам Алишер Қодиров энергетика соҳасини хусусийлаштириш ҳақида ёзган. “Энергия сотиш компаниялари ўзи даромад кўрмагунича соҳада ўзгариш бўлмайди”, – деган у.

Аввалроқ молия вазири Тимур Ишметов тарифлар оширилмагани натижасида электр энергияси ва газ учун дотациялар ошиб бораётганини маълум қилганди.

Мавзуга оид