Мамлакат 20 дан ортиқ экспортёр компаниялари вакиллари иштирок этган ушбу семинар-тренинг давомида Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси ва Guangdong Imported Food Association ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди. 

Ушбу келишув воситасида томонлар иштирокида мамлакат экспортчи корхоналарига Хитой ҳудудлари импортёрлари билан ўзаро алоқалар ўрнатиш ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ҳамда қайта ишланган маҳсулотлар экспорти ҳажмини оширишга қулай платформа яратилди.

IFA президенти В.Чи ўзи раҳбарлик қилаётган уюшма Ўзбекистон Гуанчжоудаги Бош консулхонаси ва Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси билан биргаликда B2B ва B2C шаклидаги тадбирларни ташкил этишга ҳозирлик кўраётганини билдирди.

«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳақида Хитойда хабардорликни ошириш ва товарлар экспортини кўпайтириш орқали ўзаро савдони янги босқичга кўтариш мумкин. Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда маданий ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш уюшма учун шарафдир», деди IFA президенти.