Жаҳон | 08:45 / 19.12.2022
17351
2 дақиқада ўқилади

Қатар Европарламентга киритилмаслик оқибатлари ҳақида огоҳлантирди

Қатар коррупция можароси фонида ўз вакилларини Европарламентга киритмаслик таклифини дискриминация деб атади.

Фото: AP

Қатар Европарламентдаги коррупция можароси ҳақидаги айбловларни рад этди ва Қатар расмийлари Европарламентдаги фаолиятидан четлатилган тақдирда газ таъминоти учун салбий оқибатлар ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда 18 декабрь, якшанба куни Доҳа баёнотига таяниб, AFP агентлиги хабар берди.

Баёнотда айтилишича, Қатарнинг Европарламентдаги фаолиятини суд жараёни тугагунга қадар тўхтатиб қўйиш «камситиш» чораси бўлиб, «минтақавий ва глобал хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка ҳамда глобал энергия тақчиллиги ва хавфсизлик бўйича давом этаётган музокараларга салбий таъсир кўрсатади». «Биз ҳукуматимизнинг қонунбузарликларга алоқадорлиги ҳақидаги даъволарни қатъиян рад этамиз», — дейилади баёнотда.

Декабрь ойи бошида Европарламент вице-президенти, Грециядан социал-демократик қанот вакили Ева Кайли жаҳон чемпионати мезбони Қатар томонидан эҳтимолий коррупция бўйича тергов доирасида олтита гумонланувчидан бирига айланди. Бунга Бельгия прокуратурасининг Қатар «катта миқдордаги пул ва совғалар ёрдамида Европарламент қарорларига таъсир ўтказишга уринган» деган гумони сабаб бўлган.

11 декабрь куни Бельгия ҳукумати тўрт нафар гумонланувчига айблов эълон қилди ва уларни ҳибсга олишга ордер берди. «Улар жиноий ташкилотда иштирок этиш, пул ювиш ва коррупцияда айбланмоқда», — дейилади прокуратура хабарида. Кайлининг ўзи барча айбловларни рад этди.

15 декабрь куни Европарламент депутатларининг мутлақ кўпчилиги тергов давомида Қатар расмийларининг Европарламентдаги ишини тўхтатиб туриш учун овоз берди, деб ёзади AFP. Якуний қарор парламент спикери Роберта Метсола томонидан қабул қилинади, дея қайд этади агентлик. Келгуси йилда бундай лоббичиликка қарши ислоҳотлар пакети тақдим этилади, дейилади маълумотда.

Мавзуга оид