Тегишли резолюция 8 октябрь куни қабул қилинди: 482 депутат уни ёқлаб овоз берди, 41 нафари қарши чиқди, яна 39 нафари эса бетараф қолди. Ҳужжатда таъкидланишича, «демократик ҳамда урушга қарши сиёсий кучларнинг мунтазам равишда четлатилиши ва таъқиб қилиниши, жиддий қонунбузарликлар ҳамда тўлақонли мустақил кузатувнинг йўқлиги» сабабли сайлов эркин ва адолатли ўтмаган.

Депутатлар, шунингдек, сайловчиларга босим ўтказилгани, кузатувчилар фаолиятига тўсқинлик қилингани ва сиёсий рақобат чекланганини қайд этиб, «Яблоко» партиясининг сайловдан четлатилганига эътибор қаратишди. Овоз бериш жараёни Украинанинг босиб олинган ҳудудларида, шунингдек, Днестрбўйи, Абхазия ва Жанубий Осетияда ўтказилгани алоҳида қораланди.

Ушбу ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда, Европарламент «расмий натижалар Россия халқи сиёсий иродасининг ишончли ифодаси сифатида қаралиши мумкин эмас»лигини билдирди. «Бу ҳолатлар сайлов натижасида шакллантирилган Давлат Думасини, шунингдек, у томонидан қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ва сиёсий қарорларни демократик легитимликдан маҳрум этади», — дейилади резолюцияда.

Европарламент Европа Иттифоқи Кенгаши ва унга аъзо давлатларни ҳам тан олмаслик бўйича худди шундай сиёсат юритишга, Давлат Думасининг янги таркиби билан расмий алоқалардан тийилишга, россиялик депутатларнинг парламентлараро ассамблеялардаги иштирокига йўл қўймасликка ҳамда «Россияда эркин ва адолатли сайлов ўтказиш имкониятига путур етказишга масъул бўлган шахсларга» қарши санкциялар киритишга чақирди.

«Россия ҳукумати ушбу сайловни саҳналаштириш орқали фақат битта мақсадни кўзлаган — яъни Путиннинг сайлов легитимлиги, унинг тўхтовсиз ички қатағон сиёсати ва энг асосийси, Украинага қарши тажовузкор уруши гўёки қонуний экани ҳақида сохта таассурот уйғотиш», — деб хулоса қилинади ҳужжатда.

IX чақириқ Давлат Думасига сайлов 18–20 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. МСК рекорд даражадаги 349 та мандатни қўлга киритган «Единая Россия» партиясининг ғалабасини эълон қилди. Шу билан бирга, мустақил сайлов таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, ҳукмрон партия фойдасига 30 миллион «қоғоз» овоздан 18 миллиондан ортиғи сохта тарзда «ташланган» бўлиши мумкин, унинг асл натижаси эса 35 фоиздан ошмайди.