Туркия, Қатар, Индонезия ва Покистон вакиллари мудофаа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда стратегик шерикликни ривожлантириш мақсадида «Бадр» меморандумини имзолади, дейилади Туркия Миллий мудофаа вазирлиги баёнотида. Бу ҳақда TRT хабар берди.

«Қатар, Индонезия, Покистон ва Туркия Қатарда ўзаро англашув тўғрисидаги кўп томонлама «Бадр» меморандумини имзолади», - дейилади хабарда.

Ҳужжат ҳарбий саноат соҳасидаги ҳамкорликни илгари суриш ва давлатларнинг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган. Шунингдек, мамлакатлар ҳарбий тайёргарлик ва тадқиқотлар масалалари устида биргаликда ишлайди.

Битимни Туркия миллий мудофаа вазири Яшар Гулер, Қатар бош вазири ўринбосари ва мудофаа ишлари бўйича давлат вазири шайх Сауд бин Абдураҳмон бин Ҳасан Ол Соний, Индонезия мудофаа вазири ўринбосари Юсуф Жавҳарий ҳамда Покистон мудофаа вазири Хожа Муҳаммад Осиф имзолади.