DW хабарига кўра, депутатлар 14 октябр куни Европа кенгаши раиси Антониу Кошта ҳамда ЕИ давлатлари раҳбарларига қўшма мактуб йўллаган.
Европа кенгаши йиғилиши арафасида юборилган мурожаатда ЕИнинг Россияга нисбатан сиёсатини юмшатмаслик ва бу борада ягона позиция билдириш зарурлиги таъкидланган.
Мактуб муаллифлари мустаҳкам сулҳ ва тинчлик ўрнатилмагунча, шунингдек, Россия ва унинг шериклари содир этгани айтилган ҳарбий жиноятлар ҳамда тажовуз жиноятлари учун адолат таъминланмагунча Москвага ён берилмаслиги керак, деб ҳисоблайди.
Депутатлар Россия Украина ва унинг аҳолисига етказган зарар учун товон, жумладан, репарация тўлашини ҳам талаб қилган.
Мурожаатда Россия энергия ресурсларидан тўлиқ воз кечиш ҳаракатларини давом эттириш ва нефт ҳамда газ импортига тўлиқ тақиқ жорий этиш таклиф қилинган. Шунингдек, Кремлнинг энергия экспортидан оладиган даромадларини янада қисқартиришга қаратилган янги санкциялар пакетини ишлаб чиқиш сўралган.
Депутатлар АҚШ президенти Доналд Трампнинг Россия ва «энергетик сулҳ»га ёндашувини хато деб баҳолаб, Европа раҳбарларини унга эргашмасликка чақирган.
«Сизларни принципиал позициямизни сақлашга ва Украина ғалаба қозонгунига қадар уни қўллаб-қувватлашга чақирамиз», — дейилади мактубда.
Мазкур талаблар 75 депутатнинг қўшма мурожаати бўлиб, ЕИ томонидан қабул қилинган янги санкция қарори эмас.















