«Бош штаб бошлиғига! Сен *****сан ва черт *******сан. Бизда снарядлар йўқ, у ерда йигитлар биз учун жон беряпти, биз эса бу ерда ўтирибмиз, уларга ёрдам бера олмаяпмиз», дея видеомурожаат йўллаган икки юзи ёпилган, камуфляж либосидаги «Вагнер» жангчилари. 

Улар ҳаяжон билан снарядлар йўқлигидан нолиган ва яна Бош штаб раҳбарига юзланган.

«Биз бу ерда, Бахмут остонасида бутун Украина армиясига қарши курашяпмиз, сен қаердасан? Бизга ёрдам бер, ахир. Сени фақат бир сўз билан аташ мумкин — *****. Бизнинг йигитлар ўлаётган пайт сизлар ҳаммангиз қаердасизлар?» дея қўшимча қилган ёлланма жангчилар.

26 декабр куни «Вагнер» компанияси билан боғлиқ Телеграм-каналларда Россия Бош штаб бошлиғи, армия генерали Валерий Герасимовга йўлланган ушбу мурожаат тарқала бошлади.

Сўнгги ойларда ёлланма қўшинлар раҳбарлари ва Россия ҳарбий қўмондонлиги ўртасидаги бундай низолар одатий ҳолга айланди, аммо ҳозиргача вагнерчилар генерал Герасимовга қарши бундай кескин гапиришга журъат қила олмаганди.

Шу сабаб бу видео тарқалиши билан кўплаб ҳарбий-ватанпарварлик каналлари видеони «украин миллатчилари» провокацияси ёки «Украина ахборот ва психологик операциялар маркази иши» деб атади.

Украина ахборот ва психологик операциялар маркази телеграмдаги рус ватанпарвар-пропаганда сегментида Россия армияси муваффақиятсизликлари билан боғлиқ барча ҳолатларни уюштирувчи кучлар сифатида кўрсатилади.

«Вагнер» асосчиси, петербурглик тадбиркор Евгений Пригожин ушбу видеомурожаат ҳақиқийлигини тасдиқлашга шошилмади.

«Мен вазиятни яхши биламан ва бу маълумотни ОАВ учун изоҳлашнинг ҳожати йўқ деб ҳисоблайман», — дея Пригожиннинг сўзларини етказди унинг матбуот котиби.

Аммо 26 декабр куни кечқурун Пригожин видеони ёзиб олиш ортида «Украина миллатчилари» тургани ҳақидаги версияни рад этди ва у билан боғлиқ каналларда қуйидаги овозли хабар эълон қилинди: «Сизнинг саволингизга жавоб бериш учун мен шахсан йигитлар ёнига бордим. Сиз ҳозир украиналик миллатчилардан бирортасини кўрдингизми? Мен ҳам кўрмадим. Бизнинг ва уларнинг асосий вазифаси Бахмутни қўлга киритиш. Менимча Бахмутни эгаллашимизга яқин қолди. Афсуски, ҳар қадамда пайдо бўладиган муаммоларга келсак, умид қиламанки, биз уларни ҳал қиламиз. Ва ҳал қилишга мажбур қиламиз. Ўша шов-шувли видеода украиналик миллатчилар йўқ».