Жаҳон | 14:26 / 09.01.2023
9849
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ раҳбари Россия ташкилотдан чиқариб юборилишига қарши чиқди

Россия билан дипломатик каналлар келажакда фойдали бўлади ва уларни сақлаб қолиш Москва позицияси билан келишишни англатмайди, деди ЕХҲТ раҳбари Ҳелга Мария Шмид Die Welt нашрига берган интервьюсида.

Ҳелга Мария Шмид / Фото: AP

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) бош котиби Ҳелга Мария Шмид Россиянинг ташкилотдан чиқариб юборилишига қарши чиқди. «Ўйлайманки, бугунги вазият нуқтайи назардан Россия ЕХҲТ аъзоси бўлиб қолишда давом этиши мантиқан тўғри», деди у 9 январь, душанба куни чоп этилган Германиянинг Die Welt газетасига берган интервьюсида. «Бир кун келиб бизга яна алоқа каналлари керак бўлади», деди Шмид. 

Унинг сўзларига кўра, дипломатик каналларнинг сақланиб қолиши ташкилот Москва позициясига қўшилади, дегани эмас. ЕХҲТ Европа хавфсизлик архитектурасида муҳим роль ўйнайдиган барча томонлар бир столда ўтираётган ягона хавфсизлик ташкилотидир, дея қўшимча қилди немис дипломати. 

Унинг эслатишича, ЕХҲТ совуқ уруш даврида турли манфаатларга эга бўлган, аммо вазиятнинг кучайишига йўл қўймасликка ҳаракат қилган давлатлар томонидан яратилган. Бундан ташқари, Европа кенгашидан фарқли ўлароқ, ЕХҲТда Россия Федерациясини чиқариб юбориш мумкин бўлган механизм йўқ, деди у. Шу тариқа Шмид Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг Украинага бостириб киргани учун Россияни ЕХҲТдан чиқариб ташлаш зарурлиги бўйича чақириғини рад этди. 

ЕХҲТ 1,3 миллиард аҳолига эга 57 давлатдан иборат. 2022 йилдан бери Россия ташкилотнинг бюджетини блоклаб келмоқда. 

Мавзуга оид