Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вазирлик Ўзбекистонда иш ҳақи натура шаклида берилиши ҳақидаги хабарларни рад этди
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги изоҳига кўра, фақат 2 та ҳолатда иш ҳақини натура шаклида беришни кўзда тутувчи қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилган.
10 январ куни Вазирлар Маҳкамасининг «Иш ҳақини натура шаклида тўлашни тартибга солиш ва иш ҳақи ойига бир марта тўланадиган ходимларнинг айрим тоифаларини белгилаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали»га жойлаштирилди. Лойиҳа Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тайёрланган.
Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда иш ҳақининг бир қисмини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлаш режалаштирилмоқда деган мазмундаги хабарлар тарқалди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бунга муносабат билдириб, қарорда келтирилган бандлар бўйича тушунтириш берди.
«Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг 256-моддаси тўртинчи қисмига кўра, меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлаш тақиқланган, бундан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган ҳолатлар мустасно эканлиги белгиланган», дейилади муносабатда.
«Қарор лойиҳасида ушбу мустасно ҳолатлар ҳам белгиланмоқда, яъни:
- Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини;
- Уй ишчисини озиқ-овқат ва уй-жой билан таъминлаш учун меҳнатга натура шаклида ҳақ тўлашга рухсат этилиши мумкин.
Бунда, қуйидаги талаблар мавжуд бўлиши белгиланмоқда:
- Ходим рози бўлиши, яъни иш ҳақини натура шаклида тўлаш меҳнат шарномада кўрсатилиши;
- Ходимнинг ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаслиги;
- Ходимнинг шахсий истеъмоли ва оиласи учун мос ва фойдали бўлиши;
- Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан тақдим этилаётган товар нархи унинг таннархидан юқори бўлмаслиги;
- Уй ишчисининг иш берувчилари томонидан тақдим этилаётган товар ҳақиқий бозор нархидан юқори нархда тақдим этилмаслиги лозим.
«Лойиҳа бўйича иш ҳақини натура шаклида тўлаш мумкин бўладиган ҳолатлар фақатгина юқорида кўрсатилган 2 та ҳолатда рухсат этилиши мумкин. Бошқа соҳаларда ва бошқа ходимлар тоифаларига иш ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади», дейилади баёнотда.
Лойиҳанинг муҳокамаси 25 январгача давом этади.