Иттифоқчилар ҳамон Украинага немисларнинг Leopard 2 танкларини етказиб бериш бўйича келиша олмади - ҳолбуки Европада юзлаб шундай танклар бор. Бунга Германия қонунлари ва канцлер Олаф Шолцнинг эҳтиёткорона сиёсати халақит қилмоқда.

Муаммо моҳияти шундаки, Leopard танклари Германияда ишлаб чиқарилади ва улар бир мамлакатдан бошқасига етказиб берилиши учун Германия ҳукумати розилиги талаб этилади. Амалдаги қоидаларга кўра, Берлин ўз танклари бошқа исталган мамлакатга қайта экспорт қилинишига расман рухсат бериши керак.

Германия эса қатор сабабларга кўра, жумладан Иккинчи жаҳон уруши мероси туфайли, яқин вақтларгача можаро ҳудудларига қурол етказиб беришдан тийилган.

Вазият фақат Россиянинг Украинага босқинидан кейин ўзгарди, шунда ҳам бирданига эмас.

2022 йил феврал ойи ўрталарида мамлакатнинг ўша вақтдаги мудофаа вазири Кристина Ламбрехт (у яқинда истеъфога чиқди) Украина ҳарбийлари учун беш минг дона каска етказиб беришни ваъда қилиб, бу борадаги илк қадамни ташлаганди, ўшанда унинг бу қарори Киевга жиддийроқ ёрдам бериш тарафдорларининг кулгисига сабаб бўлганди.

Уруш бошланганидан бир неча ой ўтиб Германия Украинага зирҳли транспортёрлар ва бугунги урушда ўта муҳим бўлган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, хусусан IRIS-T ва Patriot зенит-ракета қурилмаларини етказиб бера бошлади.

Аммо ҳамон урушда юриш қилиш учун муҳим восита бўлган танкларни етказиб бериш муаммо бўлиб қолмоқда.

Фото: GETTY IMAGES

Яна келишувга эришилмади

Жума куни Украина иттифоқчилари бўлган 54 мамлакат (Украинага ёрдам бериш масаласи мувофиқлаштириладиган «Рамштайн» форматидаги контакт гуруҳи аъзолари) мудофаа вазирлари навбатдаги йиғилишда Киевга катта миқдорда зирҳли техникалар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда ўқ-дорилар етказиб бериш бўйича келишиб олишди.

Володимир Зеленский НАТО бўйича ҳамкорларга ҳарбий ёрдам учун миннатдорчилик билдирди, аммо Киев ҳали замонавий танклар етказиб берилиши учун ҳам курашиши даркорлигини қўшимча қилди.

«Танклар етказиб бериш бўйича қарор қабул қилинишидан бошқа муқобил йўқлиги кундан кунга аён бўлиб бормоқда», деди у.