Германиянинг Mercedes-Benz автоконцерни харажатларни қисқартириш масаласида ходимлар вакиллик кенгаши билан юзага келган келишмовчилик фонида мамлакатдаги заводларини ёпиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Компаниянинг ходимлар билан ишлаш бўйича директори Бритта Зегер 12 ноябр, пайшанба куни маълум қилишича, концерн ходимлар томонидан муайян ён беришларни назарда тутувчи келишувга эришиши зарур.
«Ҳозирча бундай келишувга эришиш имконияти кўринмаяпти. Шу сабабли биз Германиядаги қайси корхоналарни сақлаб қолишга молиявий имкониятимиз етишини аниқ ва батафсил ўрганишга мажбурмиз», — деди у Reuters агентлиги қўлга киритган ички фойдаланиш учун мўлжалланган интервюда.
«Барчамиз заводларнинг ёпилишидан ҳар қандай йўл билан қочишни истаймиз. Аммо афсуски, энди бу вариантни ҳам жиддийроқ кўриб чиқишга мажбурмиз», — дея қўшимча қилди Зегер.
Шу билан бирга, концерн бошқаруви Германиядаги корхоналарга барча янги инвестицияларни тўхтатиб қўйган.
Иш вақти ва қўшимча тўловлар бўйича келишмовчилик
Mercedes-Benz Германияда жами 12 та ишлаб чиқариш мажмуасига эга.
Енгил автомобиллар сегментида фойда камайиб бораётгани сабабли компания раҳбарияти ходимлардан иш ҳақи оширилмаган ҳолда кўпроқ ишлашни талаб қилмоқда.
Хусусан, ҳафталик иш вақтини 35 соатдан 40 соатгача ошириш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Бироқ ходимлар вакиллик кенгаши ва IG Metall касаба уюшмаси бунга кескин қарши. Чунки 35 соатлик иш ҳафтаси касаба уюшмасининг энг муҳим ютуқларидан бири ҳисобланади.
Бритта Зегернинг фикрича, ўз вақтида қисқартирилган иш ҳафтасини жорий этишга асос бўлган шароитлар энди мавжуд эмас.
Унинг таъкидлашича, иш вақтини узайтириш ходимларнинг иш ҳақини камайтирмасдан туриб, меҳнат унумдорлигини тез ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, раҳбарият махсус тўловлар, ихтиёрий мукофотлар, жумладан, фойда тақсимотида иштирок этиш учун бериладиган маблағлар, шунингдек, жамоа шартномасида назарда тутилган таътил ва Рождество байрами муносабати билан тўланадиган қўшимча пулларни қисқартиришни режалаштирмоқда.












