Жаҳон | 11:12 / 02.02.2023
18130
2 дақиқада ўқилади

Россия «дўст бўлмаган» мамлакатларга нефть етказиб беришни тўхтатди

Россия нефтига нархларнинг юқори чегарасини жорий қилган мамлакатлар тақиқ остида қолди. Истисно фақат президент Путиннинг рухсати билан амалга оширилиши мумкин.

Фото: Picture Alliance

Россияда 1 февраль, чоршанба куни «дўст бўлмаган» мамлакатларга нефть етказиб беришни тақиқлаш кучга кирди, бу Россия нефть маҳсулотларига нарх чегарасини жорий қилган давлатларга тегишли. Россия президенти Владимир Путиннинг 27 декабрь куни имзоланган фармонига кўра, агар шартномаларда «тўғридан тўғри ёки билвосита нархларни чеклаш механизмидан фойдаланиш назарда тутилган бўлса», Россия нефти ва нефть маҳсулотларини хорижий фуқаролар ва компанияларга етказиб бериш тақиқланади.

Чекланган нархда нефть экспортига фақат президент рухсати билан йўл қўйилади. Тақиқ 1 февралдан 1 июлгача амал қилади. Нефть маҳсулотларини етказиб беришни тақиқлаш муддати ҳукумат томонидан белгиланади.

Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлигига жавобан жорий этилган саккизинчи санкциялар пакети доирасида 5 декабрдан бошлаб денгиз орқали экспорт қилинадиган Россия нефти нархига бир баррель учун 60 доллар даражасида чеклов амал қилмоқда.

Ғарб давлатлари Россияга Украинага қарши урушни молиялаштиришни қийинлаштириш учун нархларнинг юқори чегараларини белгилаб, шу билан бирга нефть етказиб беришнинг тўхтаб қолишига ва жаҳонда нефть нархининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаяпти. Нархларнинг юқори чегараси "Катта еттилик" мамлакатлари ва Европа Иттифоқи Россия нефть маҳсулотлари билан боғлиқ суғурта ҳамда молиявий хизматларни фақат чекланган нархда ёки ундан паст нархда сотиб олинган тақдирда тақдим этишини англатади.

Нархлар чегараси жорий этилгандан сўнг, Россия нефть бозори жуда ноаниқ бўлиб қолди. Расмий маълумотларга кўра, Россия нефтни бир баррель учун 47 доллардан сотишга мажбур, аммо унинг ҳақиқий нархи, экспертларнинг фикрига кўра, бир баррель учун 70-75 доллар бўлиши керак.

Мавзуга оид