Жаҳон | 09:12 / 03.02.2023
7659
4 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Навалнийни зудлик билан озод этишни талаб қилмоқда

Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг баёнотига кўра, Россия ҳукумати қамоқдаги мухолифатчининг саломатлиги ва хавфсизлиги учун жавобгардир.

Фото: politics.com

Европа Иттифоқи Россияни Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) билан холис халқаро тергов ўтказилишини таъминлаш ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси бўйича ўз мажбуриятларини бажариш, шу жумладан мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийни қамоқдан зудлик билан озод қилишни талаб этаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди вақтинчалик чорасига риоя қилиш учун тўлиқ ҳамкорликка чақирди. Бу ҳақда 2 февраль, пайшанба куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел маълум қилди.

Бундан роппа-роса икки йил аввал, 2021 йил 2 февралда Москва суди Федерал жазони ижро этиш хизмати талабига кўра, «Новичок» моддаси билан заҳарланиб, Германияда даволаниб уйига қайтган Навалнийнинг шартли жазосини «Ив Роше» иши бўйича ҳақиқий муддатга алмаштирди. 2022 йил май ойида сиёсатчи «фирибгарлик» ва «судга ҳурматсизлик» айблови билан тўққиз йилга қаттиқ режимдаги колонияга ҳукм қилинган.

2022 йилнинг июнь ойида Навалний у «экстремистик ҳамжамият» яратиш ва рухсат этилмаган митингларга чақиришда айбланганини маълум қилди.

«Россия қамоқхонаси раҳбарияти томонидан жаноб Навалнийга нисбатан бир неча бор қўпол муомала, жисмоний ва руҳий қийноқлар қўллангани ҳақидаги хабарлар чуқур ташвиш уйғотади. Россия расмийлари унинг хавфсизлиги ва соғлиғи учун жавобгардир ва биз уларни жавобга чақирамиз», - дейилади Европа Иттифоқи дипломатик хизмати сайтида эълон қилинган ҳужжатда.

Боррелнинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинага қарши қарийб бир йилдан бери давом этаётган уруши «фақат ички репрессияни, Кремль ва умуман фуқаролик жамиятининг энг ашаддий танқидчиларига нисбатан мунтазам равишда босимни кучайтирди». «Европа Иттифоқи Алексей Навалний, Владимир Кара-Мурза ва бошқа сиёсий маҳбуслар, шунингдек, катта шахсий хавф-хатарга қарамай ҳақиқатни гапиришга журъат этган Россия фуқаролари билан бирдам», - дея таъкидлайди Европа дипломатияси раҳбари.

2022 йил август ойидан бери Владимир вилоятидаги ИК-6 қамоқхонасида сақланаётган Алексей Навалний 11 марта жазо камерасига (ЖИЗО) жўнатилган, бу ҳар сафар кичик қоидабузарлик ёки уйдирма сабабларга кўра амалга оширилган, масалан, панжарани тозалашдан бош тортганлик ёки кийимдаги тугма ечиб қўйилгани учун.

2023 йил январь ойи бошида Навалнийнинг адвокати Вадим Кобзев унинг мижози ЖИЗОда «иситма ва йўтал» билан ётганини айтди. Навалнийнинг ўзи бир неча бор ЖИЗОдан олиб кетилганини, «грипп билан оғриган беморлар тўла» тиббиёт бўлимига жойлаштирилганини ва кейин камерага қайтарилганини айтди.

Январь ойи охирида Навалний Жамоатчилик мониторинги комиссияси (ЖМК) аъзолари ташрифидан сўнг унинг камерасига учта кучли кундузги лампалар ўрнатилгани, у туфайли «нафақат ўқиш, балки ўтириш ҳам қийин» бўлган ёруғлик яратилганини айтди.

24 январь куни Навалний тарафдорлари, жумладан, унинг укаси Олег ва шериги Леонид Волков Россиянинг Берлиндаги элчихонаси олдига ЖИЗО нусхасини ўрнатганди, сиёсатчи у ерда август ойидан бери жами 113 кун ўтказган. Акциядан мақсад Алексей Навалнийни озод этиш бўйича халқаро кампанияга эътиборни қаратиш.

Мавзуга оид