“Ўзбекистон билан виза музокаралари – вақт масаласи” — ЕИ элчиси Тойво Клаар билан суҳбат
|16:001 43415 мин
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар Kun.uz'га берган интервюсида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати, минтақаларнинг ўзаро савдо-транспорт боғлиқлиги ва виза масалалари, шунингдек, санкциялар ва Европанинг Исроилга муносабати ҳақидаги саволларга жавоб берди.
— Тошкентдаги фаолиятингизга икки йил бўлди. Шу даврда Ўзбекистон–Европа Иттифоқи муносабатларида қайси асосий муҳим ўзгаришларни қайд этган бўлардингиз?
— Хўш, бу ерда фаолият юритаётган давримда учта тарихий воқеа юз берди. Биринчиси, албатта, 2025 йил баҳорида Самарқандда бўлиб ўтган саммит эди. Кейин, ўтган йилнинг кузида президент Мирзиёев Брюсселга ташриф буюрди ва биз Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоладик. Бу воқеаларнинг барчаси муносабатларимиз ривожланиб, мустаҳкамланиб бораётгани ва янги босқичга кўтарилганининг рамзидир.
Энди эса ушбу имкониятлардан, хусусан, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимдан муносабатларимизни янада ривожлантириш йўлида фойдаланишимиз керак.
— Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим Ўзбекистон учун амалда нимани ўзгартиради?
— Сиз юқорида бу битим муносабатларимиз кўламини кенгайтиришини таъкидлаб ўтдингиз, аммо охир-оқибат битимнинг ўзи шериклик учун асос холос. Унда ҳар икки томон шерикликни кенгайтириш ва янада кенгроқ ҳамда чуқурроқ муносабатларни ривожлантириш истагини билдирган. Бироқ бу муносабатларга нималар олиб киришимиз ўзимизга боғлиқ. Бу, аввало, битимда белгиланган турли тузилмаларни қандай ташкил этишимиз ва улардан қай даражада фойдаланишимизга боғлиқ.
Масалан, энди бизда илгари мавжуд бўлмаган янги Савдо кенгаши бор. Биз ушбу кенгаш фаолиятини йўлга қўйишимиз ва битим доирасида яратилган имкониятлардан самарали фойдаланишимиз керак.
Шунингдек, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва яхши бошқарувга алоҳида эътибор қаратилган. Бу тамойиллар муносабатларимиз учун жуда муҳим асос эканига ҳар икки томон ҳам қўшилади.
Яна бир бор таъкидлайман, энди асосий вазифа — битимда белгиланган умидларни амалда рўёбга чиқариш. Икки томонлама шериклик битими фақат асос яратади. Унинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш эса Тошкент ва Брюсселдаги бизга, яъни ушбу муносабатларни ривожлантираётган одамларга боғлиқ. Барча механизмлардан самарали фойдаланиб, муносабатларимизни ҳақиқатан ҳам янги босқичга олиб чиқишимиз керак. Менимча, биз бу йўлда ҳаракат қиляпмиз.
Мавзуга оид
Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан алоқаларни янги босқичга олиб чиқмоқчи. Самарқанддаги саммит ва Брюсселда имзоланган кенг қамровли битим бунинг сиёсий асосини яратди. Энди келишувларни амалий натижага айлантириш, савдо ва транспорт алоқаларини кенгайтириш асосий вазифалар бўлиб қолмоқда.
Сиз айтганингиздек, КШҲБ жорий йилнинг баҳоридан бошлаб вақтинча қўллана бошланди. Ҳозир эса унда назарда тутилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш учун янги тузилмалар ва механизмларни босқичма-босқич йўлга қўймоқдамиз.
— ЕИ Марказий Осиё давлатлари билан миграция масалаларини ҳам муҳокама қилмоқда. Масалан, Қозоғистон билан виза енгиллиги ва реадмиссия бўйича музокаралар олиб бориляпти. Бу масала расмий Тошкент учун ҳам долзарб. Ўзбекистон билан музокараларни бошлашга айнан нима тўсқинлик қилмоқда?
— Менимча, биринчи ва энг аниқ сабаб – Қозоғистон Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни анча олдин имзолаган. Бу битим кучга кирган, яъни барча иштирокчи давлатлар томонидан ратификация қилинган. Ўзбекистон билан тузилган битим эса вақтинча қўлланмоқда, аммо ҳали тўлиқ кучга кирмаган.
Шунинг учун бу – жараённинг табиий ривожланишига боғлиқ. Қозоғистон битими тўлиқ кучга киргани сабабли виза тартибини енгиллаштириш бўйича музокараларни бошлашга муваффақ бўлди. Ўзбекистон битимини ратификация қилиш жараёни олдинга силжиган сари Ўзбекистон билан ҳам шундай музокараларни бошлаш масаласини муҳокама қилиш даражасига етамиз, деб ишонаман. Ҳозирча бу Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг жараёндаги турли босқичларда тургани билан боғлиқ. Демак, бу вақт масаласи, шу билан бирга, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш масаласи ҳамдир.
Биламан, Европага саёҳат қилаётган ўзбекистонликлар сони ортиб бормоқда. Европа Иттифоқига аъзо айрим давлатлар Ўзбекистон билан меҳнат миграцияси бўйича келишувларга эга. Буларнинг барчаси яхши, муносабатларимиз ривожланаётганини кўрсатади. Муҳими, Европа Иттифоқига саёҳат қилаётган ва у ерда ишлаётган одамлар қоидалар ва тартибларга, жумладан, визаларига оид талабларга риоя қилишлари керак. Жиддий қоидабузарликлар бўлмаслиги лозим. Ўзбекистон фуқароларининг Европа Иттифоқидаги ижобий тажрибаси бу соҳада ҳам муносабатларимизни ривожлантириш учун яхши асос бўлади.
— Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўзаро темирйўл қурмоқда. ЕИ эса Global Gatewayорқали Транскаспий йўлагини ривожлантирмоқда. Бу йўллар келажакда бир-бирига уланиши ҳам мумкин. ЕИ Хитой билан ҳамкорликда қурилаётган инфратузилмага қандай қарайди, ундан Европага чиқадиган ягона транспорт тармоғининг бир қисми сифатида фойдаланишга тайёрми?
— Биз Марказий Осиёни муҳим савдо ҳамкори ва товарлар келиб чиқадиган муҳим минтақа сифатида кўрамиз. Шу билан бирга, Хитойдан келаётган товарларни Транскаспий йўлаги орқали ташишдан ҳам манфаатдормиз. Масалан, Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида ривожлантирилаётган инфратузилма Ғарбга, Транскаспий транспорт йўлаги орқали чиқиш имконини беради. Демак, бу йўналишлар бир-бирига зид эмас, аксинча, бир-бирини тўлдиради.
Ўзбекистон ва унинг Марказий Осиёдаги қўшнилари шарққа томон инфратузилма алоқаларини ривожлантираётганини олқишлаймиз. Биз эса биргаликда Ғарбга томон транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, Марказий Осиёнинг жаҳон иқтисодиётига яхшироқ боғланиши ва интеграциялашувини таъминлаш устида ишлашимиз мумкин.
Охир-оқибат Хитойдан келаётган поездларнинг Европага рақобатбардош муддатда етиб боришидан манфаатдормиз. Бу ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчиларни Транскаспий йўлаги имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга ундайди. Демак, биз Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз билан Транскаспий йўлагини минтақанинг ўзи учун ҳам, ундан шарқдаги ҳудудлардан келадиган товарлар транзити учун ҳам ривожлантиришни истаймиз.
— Маълумки, Global Gateway дастури Марказий Осиёда муҳим ўрин тутади. Унинг ҳозирги амалга оширилиш жараёни ва эришилган натижалар ҳақида батафсилроқ маълумот бера оласизми?
— Global Gateway'нинг бир нечта устувор йўналишлари бор. Биз рақамли алоқа ва транспорт масалаларига эътибор қаратмоқдамиз. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва олдимизда турган муаммоларни биргаликда ҳал қилиш устида ҳам ишлаяпмиз. Global Gateway — Европа Иттифоқининг ҳамкорларимизга, бу ҳолатда Ўзбекистон ва унинг Марказий Осиёдаги қўшниларига, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришда ёрдам бериш воситаси.
Мақсад шунчаки алоҳида лойиҳаларни амалга ошириш эмас, балки иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва рақобатбардошлигини ошириш ҳамда уни Европа Иттифоқи учун янада яхши ҳамкорга айлантиришдир.Умуман олганда, Global Gateway стратегияси аллақачон сезиларли натижалар бермоқда. Транспорт инфратузилмасига 3 миллиард евро сармоя киритилмоқда. Аммо унинг тўлиқ салоҳиятини рўёбга чиқариш учун ҳали биргаликда ишлашимиз керак.
— Россия–Украина уруши давом этаётган бир пайтда, ЕИ 2026–2027 йиллар учун Украинага 90 млрд евролик кредит механизмини ишга туширди. Маблағнинг 60 миллиарди мудофаа, 30 миллиарди эса иқтисодий ва бюджет эҳтиёжларига йўналтирилади. Европа уруш яна қанча давом этишига молиявий жиҳатдан тайёр?
— Аввало, ҳаммамиз уруш тугашини хоҳлаймиз. Агар жаноб Путин Украинага босқинни тўхтатишга қарор қилса, уруш эртагаёқ тугаши мумкин. Шу маънода, барчамиз жаноб Путин бошлаган урушнинг қурбонларимиз. Бунинг оқибатларини ҳар куни ҳис қиляпмиз. Украиналиклар бомбалар, ракеталар ва дронлар ҳужумидан азият чекмоқда. Тинч аҳоли ҳалок бўлмоқда, фуқаролик инфратузилмаси вайрон қилинмоқда. Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар ҳам иқтисодий зарар кўрмоқда. Савдо ва энергия оқимлари бузилди.
Бундан ташқари, Россия тажовузи мудофаа харажатларини кескин оширишга мажбур қилди. Бу маблағларни таълим, ижтимоий соҳа ёки бошқа йўналишларга сарфлаш яхшироқ бўларди.
Бир неча кун олдин Yandex'га қилинган ҳужум ортидан Тошкентда ҳам узилишларни кузатдик. Бу Украина томонидан Россия тажовузига жавобан амалга оширилган қонуний ҳаракат. Ўзбекистонда ёқилғи нархлари ошганини ҳам кўрдик. Демак, Россия бошлаган ва жаноб Путин истаган пайтда тўхтатиши мумкин бўлган бу уруш ҳаммага таъсир қилмоқда. Глобал миқёсда эса озиқ-овқат таъминотига зарар етмоқда. Россия Қора денгиздаги кемаларга ҳужум қилиб, Украинанинг буғдой экспортига тўсқинлик қилмоқда. Яна бир бор таъкидлайман: Россия тажовузи бутун дунёга таъсир қилмоқда ва жаноб Путин истаса, урушни эртагаёқ тўхтатиши мумкин. Европа Иттифоқи Украинани қанча вақт қўллаб-қувватлай олади деган масалага келсак.
Аслида бизда бошқа танлов йўқ, чунки бу масалани ҳаётий аҳамиятга эга деб биламиз. Агар Россиянинг Украинага қарши тажовузи ғалаба билан якунланса ва Россия қўшнисига ҳужум қилиб, бундан манфаат кўриши мумкинлигини англаса, Европа Иттифоқи хавф остида қолади. Россия билан чегарадош бошқа мамлакатлар ҳам таҳдид остида бўлади. Шунинг учун Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттириш биз учун ҳаётий аҳамиятга эга. Россия халқи қўшнига ҳужум қилиш, босқинчилик урушини бошлаш мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган иш эканини тушуниши керак. Шу боис, Украинани яна бир йил, икки йил, уч йил ёки беш йил қўллаб-қувватлаймиз, деб аниқ муддат айта олмайман. Уруш эртагаёқ тугашига умид қиламан.
— Украинада юз бераётган коррупция можароларига қандай муносабат билдирасиз?
— Албатта, коррупция можаролари ҳақида ўқиб турибмиз. Бу яхши ҳолат эмас. Бироқ бу можаролар ҳақида очиқ ёзилаётгани, улар юзасидан чоралар кўрилаётгани ва айбдорлар ўз қилмишлари учун жавоб бераётгани ижобий. Украина – Европа Иттифоқига аъзолик учун номзод мамлакат. Бу жараёнда қонун устуворлиги, ҳукумат шаффофлиги ва самарали бошқарувни таъминлаш жуда муҳим. Украинанинг асосий қўллаб-қувватловчиларидан бири сифатида биз учун коррупция ҳолатлари билан шуғулланиш, уларни шаффоф текшириш ва бу орқали мамлакатда бошқарув тизимини яхшилаш муҳим.
Албатта, бундай можаролар умуман юз бермагани маъқул эди. Аммо уларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилаётгани ва бундай хатти-ҳаракатлар оқибатларсиз қолмаётгани ижобий.
— Россия-Украина уруши давомида Европа Иттифоқи Москвага қарши кўплаб санкциялар жорий этди. Агар санкцияларга амал қилиш Марказий Осиё давлатларига иқтисодий зарар келтирса, ЕИ бу йўқотишларнинг ўрнини қандай қоплашни таклиф қилади?
— Айтганимдек, Россиянинг Украинага қарши уруши барчамиз учун иқтисодий оқибатларга олиб келди. Ўзбекистон ҳам, Европа Иттифоқи ҳам бу урушдан азият чекмоқда. Барчамиз унинг оқибатларини ҳис қиляпмиз, аммо энг катта зарар кўраётган томон – Украина.
Саволингизга жавобан айтишим мумкинки, биз Россияни урушни тўхтатишга ундаш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Россия қўшинларини Украина ҳудудидан олиб чиқиши лозим. Урушнинг тугаши, яна бир бор таъкидлайман, жаноб Путиннинг қўлида. Бу, албатта, барчамиз азият чекаётган иқтисодий вазиятнинг яхшиланишига ҳам ёрдам беради. Шунинг учун асосий сабабга эътибор қаратайлик. Муаммонинг илдизи Москвада. Жаноб Путинни урушни тўхтатишга ундаш учун барча имкониятлардан фойдаланайлик.
— ЕИ Ғарбий соҳилдаги исроиллик кўчманчилар зўравонлиги ва ноқонуний аҳоли пунктлари кенгайишига қарши чиқмоқда. Нега Европа Иттифоқи Исроилга нисбатан фақат айрим шахслар ва ташкилотларга санкция жорий этмоқда? Нима учун Россия ва Эронга нисбатан қўллаганидек, Исроилга қарши кенгроқ санкциялар жорий этмаяпти?
— Биз ҳар бир вазиятнинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда қарор қабул қиламиз. Исроилнинг Ғазо ва Ғарбий соҳилдаги сиёсати ҳаммага маълум. Сиз таъкидлаганингиздек, биз бу масалада фаол сиёсат юритяпмиз. Европа Иттифоқи узоқ вақтдан бери икки давлат ечимини қўллаб-қувватлайди ва шу йўналишда ишлашда давом этмоқда. Ҳозирги шароитда Яқин Шарқдаги, хусусан, Исроил ва Фаластин ўртасидаги вазият доимо кун тартибида туради. Бу масала аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасидаги муҳокамаларда ҳам мунтазам кўриб чиқилади. Бизнинг сиёсатимиз муайян вазиятга боғлиқ.
Исроил-Фаластин можароси бўйича ҳозиргача олиб борган сиёсатимиз тўғри бўлганини кўряпмиз. Бу келажакда сиёсатимизни ўзгартириб бўлмайди, дегани эмас. Албатта, биз Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатлари натижасида самарали тинчлик жараёни қайта бошланишига ҳамда Исроил ва Фаластин хавфсизлигини таъминлайдиган икки давлат ечимига эришилишига умид қиламиз.
Умуман олганда, бу можаронинг ўзига хос жиҳатлари бор. Бироқ Европа Иттифоқининг икки давлат ечимига, шунингдек, Исроил ва Фаластин хавфсизлигини таъминлашга содиқлиги аниқ.
— Европа Иттифоқининг Исроил билан муносабатларида “қизил чизиқ” нимадан иборат?
— Ҳозир Исроилда сайловлар бўлиб ўтмоқда. Сайловлардан сўнг қандай ҳукумат шаклланишини ва у қандай сиёсат юритишини кўрамиз. Биз аҳоли пунктлари кенгайтирилмаслигини, ноқонуний аҳоли пунктлари тугатилишини ва Исроил ҳукумати мустақил Фаластин давлатини барпо этишга чин дилдан интилишини кутамиз. Чунки Исроил ва Фаластиннинг ёнма-ён, тинч-тотув яшаши учун бу зарур.
Бунинг учун Фаластин давлати ҳам мустақил ва барқарор фаолият юрита олиши керак. Биз буни Исроилнинг ҳозирги ҳукуматидан ҳам, келажакда ҳокимиятга келадиган ҳар қандай ҳукуматидан ҳам кутамиз.
— Жаноб элчи, агар кейинги беш йилда ЕИ–Ўзбекистон муносабатларида фақат учта муҳим натижага эришиш имкони бўлса, улар нималар бўлишини истар эдингиз?
— Биринчи навбатда, Транскаспий транспорт йўлагини тўлиқ ишга туширишни истардим. Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида самарали ва мунтазам ишлайдиган транспорт алоқасини яратиш учун биргаликда ҳаракат қилишимиз мумкин.
Иккинчидан, иқтисодий алоқаларимиз бугунгидан анча кенгайишини хоҳлайман. Ўзбекистонда кўпроқ Европа компаниялари фаолият юритишини, маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатишини ва Европа сифат стандартларига мос маҳсулотларни таклиф қилишини истардим.
Учинчидан, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида алоқаларимизни янада чуқурлаштиришни хоҳлайман. Айниқса, самарали бошқарув, қонун устуворлиги ва бизнес ҳамда фуқароларимиз учун қулай шароит яратиш борасида кўпроқ натижаларга эришишимиз керак.
Охир-оқибат энг муҳими – халқларимиз ва тадбиркорларимиз бу ҳамкорликдан манфаат кўриши. Европа компаниялари Ўзбекистонга келиб, сармоя киритишни исташи, Ўзбекистон фуқаролари эса Европа Иттифоқида ишлаш ва таълим олиш имкониятларига эга бўлиш лозим. Биз ҳар икки томон учун ҳам фойдали ва самарали ҳамкорликни йўлга қўйишимиз лозим.