— АҚШ босимлари фонида Европа Иттифоқи қанча вақт Украинани қўллай олади?
Камолиддин Раббимов: Доналд Трамп ҳокимиятга келганидан кейин АҚШнинг Украинага кўрсатиб келган улкан беғараз ёрдамининг аксарият қисми амалда тўхтади. АҚШ Украинага асосан разведка маълумотларини тақдим этмоқда, бироқ бу ёрдам ҳам вақти-вақти билан узилиб турибди. Украина ҳарбийларининг ўзаро мувофиқлашувида муҳим рол ўйнаётган Starlink хизматида ҳам узилишлар кузатилмоқда. Бундан ташқари, ЕИ АҚШдан сотиб олинадиган, Украинага етказиб берилиши керак бўлган қурол-аслаҳалар учун пул тўлаган бўлишига қарамай, сўнгги пайтларда АҚШ бу жараённи пайсалга солмоқда.
Бу ерда иккита муҳим жиҳат бор. Биринчиси — АҚШдан сотиб олинган ва Украинага етказиб берилиши керак бўлган қурол-аслаҳалар. Иккинчиси эса Европа давлатлари аввалроқ АҚШдан харид қилган стратегик қуроллар. Масалан, Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ва узоқ масофага учувчи ракеталар. Бундай қуролларни бошқа давлатга бериш учун АҚШнинг розилиги талаб этилади, бунга Пентагон томонидан тегишли рухсатлар берилиши керак. Ҳозир бу жараён ҳам тўхтаб қолган.
ЕИ Украинани шунчаки яхши кўргани учун ёрдам бераётгани йўқ. Бу, аввало, стратегик манфаатлар билан боғлиқ. Европа раҳбарлари Украинани Россия босқинига қарши тураётган ва Россиянинг ҳарбий салоҳиятини заифлаштираётган муҳим тўсиқ сифатида кўрмоқда. Уларнинг тафаккури шундай: агар Украина йиқилса ва Россия таъсири остига тушиб қолса, бу домино эффектини келтириб чиқаради. Яъни бир давлатнинг қулаши бошқаларига ҳам босимни кучайтиради. Россиянинг империячилик сиёсати янада фаоллашади, постсовет ҳудудида, жумладан, Марказий Осиёда ҳам вазиятга таъсир кўрсатади, Болтиқбўйи давлатларига қарши провокациялар кучаяди, охир-оқибат ЕИ ва НАТО учун жиддий хавфлар юзага келади.
Шу сабабли Европа Украинага ёрдам беришни ўз хавфсизлигини ҳимоя қилишнинг бир қисми деб билади. Мақсад — Россияни тийиб туриш, унинг ҳарбий имкониятларини заифлаштириш учун Украинага ёрдам бериш. Бу идеалистик ёндашувдан кўра, стратегик ҳисоб-китобга яқинроқ.
Ундан ташқари, Европа сиёсий элиталари Владимир Путиннинг ваъдаларига ишонмайди. Франциянинг собиқ президенти Франсуа Олланд ва Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркел каби етакчилар ўз вақтида Путин билан музокаралар олиб борган. Европа сиёсатчиларининг тажрибаси шуни кўрсатадики, Путин музокараларда ижобий ваъдалар бериши, бироқ кейинчалик уларга зид ҳаракат қилиши мумкин. Шу боис Ғарбда Россиянинг мақсади фақат Украина билан чекланмайди, деган қараш мавжуд.















