Рус православ черкови (РПЧ) раҳбари патриарх Кирилл (Владимир Гундяев) 1970-йилларда СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси («КГБ») кўрсатмаси билан Женевада разведка фаолияти билан шуғулланган. Бу ҳақда 5 февраль, якшанба куни Швейцариянинг қатор нашрлари, хусусан, Tages-Anzeiger махфийликдан чиқарилган давлат архивларига таяниб хабар берди.

Ушбу маълумотларга кўра, Гундяев разведка хизматида «Михайлов» шартли номидан фойдаланган. Нашрнинг таъкидлашича, у Швейцариядаги Бутунжаҳон черковлар кенгашида (БЧК) Москва патриархиясининг расмий вакили лавозимини эгаллаб, жосуслик билан шуғулланган. Шу билан бирга, унинг асосий вазифаси БЧКга таъсир кўрсатиш бўлган. 

Россиянинг Берндаги элчихонаси оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган ушбу маълумотга ғазабланган баёнот билан жавоб берди ва хабарларни «Швейцарияда русофобия тарқалишининг яна бир намунаси» деб атади, деб ёзади Tages-Anzeiger. Рус православ черкови изоҳ беришдан бош тортди. БЧК бу борада ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.