Жаҳон | 08:28 / 07.02.2023
10724
3 дақиқада ўқилади

Bloomberg: Россия денгиз орқали кўпроқ нефть сотяпти, аммо даромади пасайиб боряпти

Россия нефтини Осиёга денгиз орқали етказиб бериш рекорд даражага етди, бироқ Кремлнинг даромадлари харидорларга таклиф қилинган чегирма туфайли пасайиб бормоқда.

Фото: Shutterstock

Россия ўтган ҳафтада июнь ойидан бери энг юқори нефть ҳажмини денгиз орқали етказиб берди, бироқ санкциялар ва янги харидорларга мажбурий чегирмалари туфайли Кремлнинг нефть даромадлари камайди. Бу ҳақда 6 февраль, душанба куни Bloomberg агентлиги хабар берди.

Россия томонидан Хитой, Ҳиндистон ва Туркияга денгиз орқали етказиб берилган хом нефть ҳажми 3 февралгача бўлган ойда кунига 3,29 миллион баррелни ташкил этди - бу ўтган ойга нисбатан кунига 127 минг баррелга кўп ва 2022 йил бошидаги Bloomberg мониторинги бошланганидан бери мутлақ максимумдир. "Дружба" қувури орқали Европага нефть етказиб беришнинг қисқариши билан бир вақтда етказиб бериш ўсди.

Россиядан Европа мамлакатларига денгиз хомашёси экспорти кунига 125 минг баррелгача камайди ва Болгария Европадаги ягона манзилга айланди. Bloomberg маълумотларига кўра, кунига 1,5 миллион баррелдан ортиқ ҳажмдаги Европа бозори Россия томонидан деярли бутунлай йўқолган. «Унинг ўрнини Осиёдаги узоқ масофали йўналишлар эгаллади, уларга хизмат кўрсатиш анча қиммат ва кўп вақт талаб этади», — деб ёзади агентлик.

Осиёга денгиздан нефть етказиб бериш ҳажми ошганига қарамай, Кремлнинг унинг экспортидан тушган даромади пасайиб бормоқда, дея таъкидлайди Bloomberg. Агентлик буни ташқи бозорларда Россиянинг Urals нефтига чегирма билан изоҳлайди. Экспортдан тушган даромад ўтган ҳафтада 7 миллион долларга камайиб, 50 миллион долларга етди. Бир ой ичида ўртача ҳафталик даромад 2 миллион долларга тушиб, 54 миллион долларни ташкил қилди.

Россия Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2023 йил январида Urals нефтининг ўртача нархи бир баррель учун 46,82 долларни ташкил қилган, бу бир йил аввалгига нисбатан 35 долларга кам, деб ёзади Bloomberg. 5 февралда Европа Иттифоқининг Россия нефть маҳсулотларини етказиб беришга қўйган тақиқи кучга кирди. 2022 йил 5 декабрдан бошлаб Россиянинг Европа Иттифоқига нефть етказиб беришига эмбарго амал қиляпти.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи ва G7 мамлакатлари учинчи мамлакатларга сотиладиган Россия нефтининг нархини бир баррель учун 60 доллар, Россия нефть маҳсулотлари учун эса хомашё турига қараб бир баррелга 45 ва 100 доллар қилиб белгилади.

Ушбу чекловлар жорий этилиши туфайли январь ойида Россиянинг нефть ва газ даромадлари учдан бир қисмга қисқарди, деди Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) раҳбари Фотиҳ Бирол. Унинг сўзларига кўра, январь ойида Россия нефть ва газ сотишдан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 миллиард еврога кам даромад олган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид