Даунинг-стритнинг хабар беришича, Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес аллақачон Украинага қандай самолётлар етказиб берилиши мумкинлигини ўрганишга ҳаракат қилмоқда. Тўғри, вазирнинг ўзи BBC нашрига айтганидек, иш унчалик тез битмайди ва самолётларни етказиб бериш бир неча ойга чўзилиши мумкин.

Агар Буюк Британия қироллик ҳарбий-ҳаво кучларида мавжуд бўлган самолётлар ҳақида гапириладиган бўлса, юбориладиган самолётлар борасида шунчаки танлов йўқ: қироллик авиациясида фақатгина Eurofighter Typhoon қирувчилари ва Украинага берилмайдиган замонавийроқ F-35Б самолётлари бор.

Украинадаги уруш бошлангандан бери Ғарб Украинани энг сўнгги тизимлар билан таъминламоқда, аммо қирувчи самолётлар алоҳида ҳолат бўлиб, сиёсий, технологик ва бошқа сабабларга кўра F-35 самолётларини Киевга етказиб бериш имконияти мутлақ истисно қилинган (яъни ҳеч қачон етказиб берилмайди).

Замонавий қирувчи

«Taйфун» — бу қирувчи самолёт бўлиб, унинг авлодини баъзи шарҳловчилар 4++ ёки 4,5 деб атайди. Бу янги Dassault Rafale ёки Saab Gripen самолётларига, шунингдек модернизация қилинган Су-35 ёки F-16E самолётларига мос келадиган анча яхши замонавий даража.

Ушбу авлод самолётлари маълум хусусиятлар билан ажралиб туради — улар ривожланган авионикага эга. Шунингдек, бу самолётларда учувчига самолётни бошқаришда ёрдам берадиган кучли борт компьютери, замонавий радарлар, рақамли ахборот алмашиш тизими, радиоэлектрон қарши кураш ускуналари, энг янги қуроллардан фойдаланиш қобилияти ва ниҳоят, радарда кўринишини камайтирувчи технологиялар мавжуд.

Ҳиндларнинг Су-30МКИ ва французларнинг Rafale самолётлари машғулот чоғида – булар 4++ авлодига мансуб қирувчилар. Фото: AFP

Бироқ, агар 4++ даражасида модернизация қилинган қирувчи самолётларда ушбу хусусиятларнинг барчаси мавжуд самолётга ўрнатилиши керак бўлган бўлса, 1990-йилларда ишлаб чиқарилган самолётлар дастлаб ушбу ишланмалар асосида яратилган бўлиб, улар самолётларнинг органик қисмига айланган.

«Тайфун»нинг имкониятлари ҳайратланарли: у 13 та қўллаб-қувватлаш тугуни ёрдамида 9 тонна ўқ-дорини кўтара олади. F-16С’да бу кўрсаткич 11 тугунда 7,7 тоннани, МиГ-29’да эса олтита айланада 3 тоннани ташкил қилади.

«Тайфун» аллақачон Европа ва АҚШнинг авиацион ракеталари ва бомбаларидан фойдаланишга мослаштирилган. Шу билан бирга, самолёт дастлаб ҳаво жанги учун яратилган бўлиб, шу боис яхши манёвр ва тезликка эга.