Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатнинг барча собиқ президентларини бир дастурхон атрофида йиғиб суҳбатлашганини айтиб берди. Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Ўтунбоева, Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жеэнбеков амалдаги президент иштирокида учрашув ўтказган.

«Мен собиқ президентларни бир дастурхонга атрофига йиғдим», деб ёзди Жапаров ўз саҳифасида. Президент матбуот котиби Эрбол Султанбаев учрашув нейтрал ҳудудда бўлиб ўтганини маълум қилди.

«Биз ҳаммани бирлаштирган ҳолда халқнинг келажаги ҳақида ўйлашимиз керак», деган Жапаров. У «дастлаб халқ сайлаган ва охири аянчли бўлган барча президентларни йиғсак, балки бир муштдек бирлашган ягона халқ бўлиб қоламиз», деган ўй ўзини узоқ вақтдан бери қийнаганини айтган. Учрашувда дастурхонга қирғиз миллий таомлари тортилган.

Жапаровнинг айтишича, собиқ президентлар «бир мушт бўлиш» ташаббусини қўллаб-қувватлаган, шунингдек, улар ҳам ўз дардини гапириб, хатоларини тан олган ва бир-бирини кечирган.

Учрашув қаерда ўтказилган?

Жапаровнинг постидан кейин қирғизистонликлар учрашув қаерда ўтгани ҳақида муҳокамага киришди. Чунки собиқ президент Курманбек Бакиев расман қочқинда ҳисобланади ва унинг Қирғизистонга қайтганига ишониш қийин эди. Алмазбек Атамбаев эса Испанияга даволаниш учун кетиш олдидан Дубайда дам олаётганди.

Баъзи манбалар учрашув Дубайда ўтганини ёзди ва кейинчалик бу маълумот яқинда қамоқдан озод этилган Алмазбек Атамбаев томонидан тасдиқланди. Атамбаев учрашув ҳақида гапирар экан, Жапаров айтганидай бирликни сақлаган ҳолда мамлакатда тинчликни таъминлаш ҳамда Курманбек Бакиевни Қирғизистонга қайтариш бошқа-бошқа нарсалар эканини айтди.

«Инглизча кетишга мажбур бўлдим»

«Жуда кўп қон тўкилди, бўлмаслиги керак бўлган жуда кўп ишлар бўлиб кетди. Аввало ҳалок бўлганларнинг яқинлари кечириши керак. Умид қиламан, Садир Жапаров менинг гапларимни эшитиб, тўғри қарор қабул қилади», деган Атамбаев.

Шунингдек, собиқ президентнинг айтишича, учрашув охирида шундай ҳолат юзага келганки, у ҳеч ким билан хайрлашмай «инглизчасига» даврадан туриб чиқиб кетган. Гап нима ҳақида эканини эса айтишни истамаган.

Собиқ президентнинг сўзларига кўра, учрашувда фақат Жапаров ҳамда Қирғизистон Хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев бўлади деб ўйлаган ва бошқа собиқ президентлар келишини билмаган. Аммо Атамбаевнинг бу гапига ишониш қийин, чунки Қирғизистонда муаммосиз бўла оладиган одамлар Дубайда учрашишида мантиқ йўқ ва учрашув нейтрал ҳудудда ўтиши учун қочқиндаги кимдир унда иштирок этиши аниқ эди. Бакиев эса Қирғизистонга қайтишни ўзи учун хавфсиз деб ҳисобламайди.