Яқин йилларгача Тошкент халқаро аэропортида учиб келган ёки кетаётган йўловчилар соатлаб қолиб кетишарди: қўлида чиптаси билан аэропортга кирган йўловчи то самолётга чиқиб ўтиргунча бир нечта назорат босқичларидан ўтар, бу уларнинг ҳам вақтини олар, ҳам асабини чарчатарди. Бугун эса вазият бироз бошқача.

Аэропорт ҳар қандай мамлакатнинг дарвозаси ҳисобланади: кимдир кириб келади, кимдир чиқиб кетади. Бу жараёнда хавфсизликни таъминлаш жуда муҳим. Айниқса, йўловчилар тақиқланган товарларни олиб чиқиб кетмаслиги ёки олиб кирмаслигини назорат қилиш божхона ходимларидан алоҳида масъулиятни талаб қилади.

Тошкент халқаро аэропорти орқали кунига қарийб 11,5 минг нафарйўловчи келиб-кетади. 2022 йил давомида аэропортда 29 606 та халқаро авиарейсда 4 164 451 нафар йўловчи ташилган. Албатта, уларнинг ҳар бирини тўхтатиб, багажини бирма-бир кўрикдан ўтказиш имконсиз. Хўш, унда божхоначилар бунча йўловчининг юкини қандай назорат қилади?

Даставвал учиб кетиш ҳақида тўхталсак. Дунёнинг кўплаб аэропортларида йўлга қўйилган масофавий божхона назорати тизими 2022 йилнинг июл ойидан Тошкент халқаро аэропортида ҳам жорий қилинганди. Яъни учиб кетиш залида йўловчилар божхона ходимларини деярли кўришмайди. Бу учиб кетиш олдидан йўловчилар ўтиши керак бўлган бир нечта назорат босқичларининг бир халқаси узилди, дегани.

“Учиб кетиш залида божхона ходимларига кўзингиз тушмайди. Бошида йўловчилар ҳам ҳайрон қолишган, уларда божхонадан ўтмаймизми, деган саволлар пайдо бўлган. Дунё амалиётида, энг гавжум халқаро аэропортларда бу тизим кенг қўлланади. Божхонадан ўтаётганини йўловчининг ўзи пайқамайди. Яъни содда қилиб айтганда божхоначисиз божхона назорати ҳисобланади.

2022 йилда илк бор Самарқанд халқаро аэропортида масофавий божхона назорати тизими йўлга қўйилди. Ва бу амалиёт Тошкент халқаро аэропортида, шунингдек, республикадаги қолган халқаро аэропортларда ҳам учиб кетиш йўналишида босқичма-босқич жорий қилинмоқда.

Йўловчининг қўл юки ва багажи текширилмаса, божхонадан назоратдан ўтмаса, қандай қилиб хавфсизлик таъминланади, деган савол туғилади. Аслида йўловчи қўл юки ва багажи билан божхона назорати зонасидан ҳаракатланар экан, аслида у божхона назоратидан ўтаётган бўлади. Фақат буни ўзи пайқамайди. Бунинг барчаси ақлли технологиялар ҳисобига амалга оширилади