Ўзбекистон | 16:41 / 15.03.2023
7848
2 дақиқада ўқилади

Qatar Airways Доҳа ва Тошкент ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни ташкил этади

Фото: Дунё

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов кеча Қатар элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳашем билан учрашди.

Суҳбат чоғида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон президенти администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқовнинг жорий йил февраль ойида Доҳага ташрифи чоғида эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди. Гап март ойида икки давлат ўртасида Савдо-иқтисодий ва техник ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 1-йиғилиши ҳамда Тошкентда икки давлатнинг қўшма бизнес-форумини ўтказиш ҳақида кетмоқда.

Музокаралар чоғида икки давлат ўртасида амалда бўлган барча келишувларнинг самарали ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш, бизнес тузилмалари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш, тўсиқлик қилувчи муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган ечим топиш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.

Учрашув якунлари бўйича қатор қўшма лойиҳаларни, жумладан Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида буғ-газ электр станцияларини қуриш, сайёҳлик оқими ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш мақсадида Qatar Airways авиакомпанияси томонидан икки мамлакат пойтахтлари ўртасида тўғридан тўғри ҳаво қатновларини ташкил этиш бўйича ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштиришга келишилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид