2023 йил 5 апрел куни ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида Қизил китобга киритилган қўнғир айиқ аҳоли хонадонларига кириб боргани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ижтимоий тармоқда тарқалган видеолардан бирида маҳаллий аҳоли вакиллари машинада айиқни босиб ўтмоқчи бўлгани ва жониворни уриб юборгани акс этган. Бошқа видеоларда эса айиқ омборга кириб олгани ва уй ҳайвонларидан узоқлашиб, бир бурчакда яширинишга ҳаракат қилганини кўриш мумкин.
Табиат ресурслари вазирлиги 5 апрел куни айиқ Чироқчи тумани «Яшнабод» МФЙ Бешчашма ҳудудидан оқиб ўтувчи Қумдарё дарёсига яқин ҳудуддаги жарликда ҳосил бўлган ғор ичига кириб олгани ҳақида хабар берди.
«Ушбу ҳудуд Табиат ресурслари вазирлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси ва Чироқчи тумани ҳокимлиги мутасаддилари, ИИБ, Миллий гвардия ва ФВБ ходимлари томонидан муҳофазага олиниб, аҳоли ва қўнғир айиқнинг хавфсизлиги таъминланмоқда. Мазкур ҳудудга вазиятни бартараф этиш мақсадида Тошкент ҳайвонот боғи мутахассисларидан иборат гуруҳ жалб қилинган», дейилди муносабатда.

Орадан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда айиқнинг одамлар томонидан отиб ўлдирилгани ҳақида хабарлар чиқди.
Бугун, 6 апрел куни Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати берган муносабатда айиқнинг ўлими тасдиқланди.
Унда ёзилишича, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун Чироқчи туман ИИБ бошлиғининг кўрсатмаси билан қўнғир айиқ отиб ўлдирилган.
«Шу куни тахминан соат 23:00 ларда айиқ Қумдарёга яқин жойдаги жарликда ҳосил бўлган ғор ичига кириб олган. Бироздан сўнг бу ерда маҳаллий аҳоли тўпланган. Маҳаллий ҳокимлик вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўз вақтида тегишли чора-тадбирлар кўрилмаганлиги боис айиқ безовталаниб, жарликдан тепага чиқишга уринган. Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи А. Б. атрофга йиғилган аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида овчи Д.А. га айиққа ўқ узишга кўрсатма берган. Натижада айиқнинг жони узилган»


















