Археологлар Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Одирмон ёдгорлигида қадимги оташгоҳ ва инсон суякларини сақлашга мўлжалланган сопол идиш — оссуарийни аниқлади.
Испаниянинг La Brújula Verde рақамли журнали маълумотига кўра, топилмалар милоддан аввалги III асрдан милодий III асргача бўлган даврга оид бўлиши мумкин. Демак, уларнинг ёши 1700 йилдан 2300 йилгача деб баҳоланмоқда.
Одирмон ёдгорлигидаги мунтазам археологик тадқиқотлар 2026 йилда Самарқанд Археология институти илмий ходими Санжар Абдураҳимов раҳбарлигида бошланган.
Қазиш ишлари давомида мажмуанинг шимоли-шарқий қисмидан баландлиги қарийб 70 сантиметр ва кенглиги 90 сантиметр бўлган оташгоҳ топилди. Унинг юзасида бир неча марта суртилган лой сувоқ қатламларининг қолдиқлари сақланиб қолган.
Мутахассислар мазкур иншоот муқаддас оловни ёқиш ва сақлаш учун хизмат қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бироқ оташгоҳнинг аниқ вазифаси кейинги тадқиқотлардан сўнг белгиланади.
Оссуарий нима?
Оташгоҳ ёнидан оссуарий — марҳумларнинг тозаланган суякларини сақлаш учун ишлатилган махсус сопол идиш ҳам топилган.
Қадимги дафн анъаналарида оссуарийлар оддий идиш эмас, балки диний ва маросимий аҳамиятга эга буюм ҳисобланган. Улар кўпинча турли рамзий нақшлар, ўсимликлар ва ҳайвонлар тасвири билан безатилган.
Одирмонда топилган оссуарий юзасига кийик ва Туркистон арчаси тасвирлари туширилган. Ушбу нақшларнинг маъноси ҳозирча аниқ эмас.
Археологлар идишни тозалаш ва қайта тиклаш ишлари якунланганидан кейин тасвирларнинг мазмуни ҳамда уларнинг диний рамзлар билан боғлиқлигини ўрганади.
Зардуштийлик маросимлари билан боғлиқ бўлиши мумкин
Оташгоҳ ва оссуарийнинг бир жойдан топилиши мажмуа зардуштийлик анъаналари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Зардуштийлик таълимотида тупроқ, сув ва олов муқаддас ҳисобланган. Шу сабабли марҳумнинг жасадини ерга кўмиш ёки ёқиш табиат унсурларини нопок қилиш сифатида қабул қилинган.

















