Иқтисодиёт | 09:29 / 12.04.2023
23733
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ глобал ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнозини пасайтирди

Жамғарма ҳисоботига кўра, жаҳон иқтисодиёти юқори инфляция ва Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатларидан жуда секин тикланмоқда.

Фото: ХВЖ

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) глобал ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнозини 2023 йилда 2,8 фоизга, 2024 йилда эса 3 фоизга туширди. Бу ҳақда жамғарманинг 11 апрель, сешанба куни тақдим этилган жаҳон иқтисодиётини ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги ҳисоботида айтилади.

ХВЖнинг январь ойидаги ҳисоботи билан солиштирганда, 2023 ва 2024 йилларда прогноз қилинган глобал ялпи ички маҳсулот ўсиши 0,1 фоиз пунктга ёмонроқ бўлган. «Шундай қилиб, биз иқтисодий ўсиш тарихий меъёрлар бўйича заиф бўлиб қолаётган, молиявий рисклар кучайган, аммо инфляция ҳали ҳал қилувчи чўққига чиқмаган қийин босқичга кирмоқдамиз», — деди ХВЖ бош иқтисодчиси Пьер-Оливье Гуринша.

Ҳисобот, шунингдек, Германия иқтисодиёти учун янада пессимистик прогнозни ўз ичига олади, бу йил ишлаб чиқаришнинг 0,1 фоизга қисқариши билан енгил рецессия башорат қилиняпти. Жамғарма 2024 йилда Германия иқтисодиёти 1,1 фоизга ўсишига ишонмоқда.

Умуман олганда, жорий йилда ягона валюта зонасининг 20 та давлати иқтисодиёти Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра 0,8 фоизга ўсади, бу январь ойида прогноз қилинган 0,7 фоиз ўсишдан яхшидир. Шу билан бирга, Буюк Британия иқтисодиёти 0,6 фоиз ўрнига 0,3 фоизга қисқаради.

ХВЖ, шунингдек, Россиянинг иқтисодий ривожланиши ҳақидаги тахминларни ҳам ўзгартирди. Ўтган йили Россия ялпи ички маҳсулоти 2,1 фоизга пасайганидан сўнг, Россия иқтисодиёти 2023 йилда январь ойидаги олдинги прогноздан 0,4 фоизга кўп, 0,7 фоизга ўсиши кутилмоқда. Жамғарма маълумотларига кўра, 2024 йилда Россия иқтисодиёти 1,3 фоизга ўсади. Бу аввалги прогноздан 0,8 фоизга кам.

Мавзуга оид