Visual Capitalist инфографикасида ХВЖнинг 2026 йил октябр бошидаги маълумотларидан фойдаланилган. Қарз миқдорлари АҚШ долларига айлантирилган. Рейтинг мамлакатларнинг умумий ташқи қарзини эмас, фақат жамғарма олдидаги тўланмаган кредитларини акс эттиради.

Украинадан кейин Покистон — 10,8 миллиард доллар, Миср — 10,6 миллиард доллар ва Эквадор — 9,4 миллиард доллар қарз билан жойлашган.

Аргентинанинг катта қарзи мамлакатнинг ХВЖдан узоқ йиллар давомида маблағ жалб қилиб келгани билан изоҳланади. Валюта инқирозлари, юқори инфляция ва халқаро капитал бозорларидан маблағ олишдаги қийинчиликлар уни жамғармага қайта-қайта мурожаат қилишга мажбур этган.

2018 йилда валюта инқирози фонида Аргентина учун 57 миллиард долларлик рекорд кредит дастури маъқулланган. 2022 йилда яна бир йирик келишувга эришилган.

2025 йил апрелида тасдиқланган навбатдаги дастур эса 20 миллиард долларлик молиялаштиришни, жумладан, дарҳол 12 миллиард доллар ажратишни назарда тутган. Маблағлар иқтисодиётни барқарорлаштириш, валюта захираларини тиклаш ва инвесторлар ишончини мустаҳкамлашга қаратилган. Бу суммалар алоҳида дастурлар ҳажми бўлиб, уларни қўшиш орқали мамлакатнинг ҳозирги қарзини ҳисоблаб бўлмайди.

Украинанинг қарз олиши Россиянинг 2022 йилда бошлаган кенг кўламли ҳужуми оқибатида юзага келган фавқулодда харажатлар билан боғлиқ. Манбага кўра, 2026 йил февралида Украина ХВЖ билан 8,1 миллиард долларлик янги молиялаштириш дастурини келишган. У уруш шароитида молиявий барқарорликни сақлашга хизмат қилиши кўзда тутилган.

Покистонда эса солиқ тушумларининг камлиги, хорижий валюта танқислиги ва энергетика соҳасидаги қарздорлик асосий муаммолар қаторида келтирилган. ХВЖ қўллаб-қувватлаётган ислоҳотлар солиқ базасини кенгайтириш, валюта захираларини тўлдириш ва давлат молиясини соғломлаштиришга қаратилган.