Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина бош вазири АҚШдан авиация ва ракеталар беришни сўради
АҚШ мудофаа вазири Остин билан учрашувда Шмигал Қўшма Штатларни Киевга қирувчи самолётлар етказиб бериш бўйича коалицияга қўшилишга чақирди. Унинг таъкидлашича, Украина «ўзини ва Европани ҳимоя қилиш» учун кўпроқ оғир техникага муҳтож.
Украина бош вазири Денис Шмигал 12 апрель, чоршанба куни АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашувда узоқ масофали ракеталар, F-15 ва F-16 қирувчи-бомбардимончи самолётлари, шунингдек, қўшимча зирҳли машиналар ва бошқа қуролларни сўради.
«Украина ҳали ҳам фаол ҳарбий ёрдамга, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига, шунингдек, оғир артиллерия, миномёт ва ўқ-дориларга муҳтож. Шунингдек, Украинани узоқ масофали ракеталар билан таъминлаш имкониятини қайта кўриб чиқишингизни сўраймиз», - деди Шмигал Пентагонда.
Украина бош вазири яна бир бор АҚШни Киевга қирувчи самолётлар етказиб бериш бўйича коалицияга аъзо бўлишга чақирди. «Америка Украинани F-15 ва F-16 самолётлари билан таъминлаш орқали яна ўзининг етакчилик ролини намойиш қилиши мумкин», - деди у.
«Ўзимизни ва Европани ҳимоя қилиш учун бизга кўпроқ оғир техника, шунингдек, самолётлар керак. Биз АҚШнинг танк коалициясига қўшилиш ва Украинага Abrams танклари, шунингдек, Bradley ва Stryker пиёда жанговар машиналарини етказиб бериш ҳақидаги қарорини олқишлаймиз. Қарама-қарши ҳужум муваффақияти учун бундай таъминотни кўпайтириш керак», деди Шмигал.
Аввалроқ Украина бош вазири мамлакат қуролли кучларининг босиб олинган ҳудудларни озод қилиш бўйича қарши ҳужуми ёзгача қолдирилиши мумкинлигини маълум қилганди.
«Биз дўстларимиз ва ҳамкорларимиз томонидан ҳужум бошланиши вақти бўйича босим сезмаяпмиз, - деди у Американинг The Hill нашрига берган интервьюсида. - Бизнинг барча дўстларимиз ва ҳамкорларимиз ҳужумга ўтиш учун бунга 100 фоиз ва ундан кўпроқ тайёр бўлиш кераклигини тушунишади».
АҚШ разведкаси Украина қўшинлари концентрацияси, ўқ-дорилар ва жиҳозлар тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар Киевнинг режалаштирилган қарши ҳужуми ҳақидаги тахминларга мос келмайди, деб ҳисоблайди ва афтидан, босиб олинган ҳудудларнинг фақат кичик бир қисмини Россиядан қайтариб олишга имкон беради, деб ёзади The Washington Post газетаси 10 апрель куни интернетдаги манбалар ва махфий ҳужжатларга асосланиб.
Нашр февраль ойига бориб тақаладиган «ўта махфий» ҳужжатларга иқтибос келтирган бўлиб, унда Украина ҳужуми «камтарона ҳудудий ютуқларга» олиб келиши мумкинлиги айтилади. Киев Украина шарқидаги ҳудудларни қайтариб олишни ва Россия армиясини аннексия қилинган Қримдан узиб қўйиш учун жанубда олға силжишни режалаштирмоқда, бироқ «кучли Россия мудофааси, украиналик аскарларнинг етарлича таъминланмагани ва тайёр эмаслиги олдинга силжишни тўхтатиб қўйиши, йўқотишларни кучайтириши мумкин», деб ҳисоблайди АҚШ разведкаси.
Мавзуга оид
23:15 / 18.07.2026
Зеленский Сирскийни лавозимидан бўшатишни ўйламоқда – ОАВ
23:12 / 18.07.2026
Украина Wildberries омборларига зарба берди - фотолар
19:05 / 18.07.2026
Янги давр урушлари: нималар ўзгарди, мақсадлар-чи?
11:32 / 18.07.2026