Жаҳон | 08:03 / 22.04.2023
8016
2 дақиқада ўқилади

Пентагон Украинага қирувчи самолётлар беришдан бош тортганини тушунтирди

Украина осмонда назоратни тезда қўлга киритиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига муҳтож ва Ғарб қирувчиларини топшириш жуда узоқ жараён, деди генерал Марк Милли.

Фото: Reuters

Ғарб қирувчиларини Украинага бериш Қўшма Штатларнинг устувор мақсади эмас, чунки осмонда ҳарбий назорат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан самаралироқ ва тезроқ амалга оширилади, деди АҚШ армияси штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Марк Милли 21 апрел, жума куни Рамштайн алоқа гуруҳининг йиғилишидан кейин.

Украинага Американинг F-16 қирувчи самолётларини етказиб бериш ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Милли ҳарбий нуқтайи назардан Киевнинг ҳозирги вазиятдаги асосий вазифаси осмонни назорат қилиш эканлигини таъкидлади. "Бу мақсадга турли йўллар билан эришиш мумкин. Украина учун энг тез ва тежамкор йўл ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларидир", деб тушунтирди Милли.

Унинг сўзларига кўра, уруш давомида Украина Қуролли кучлари Россия самолётларини муваффақиятли тўхтата олди, шу сабабли Россия кучлари асосан ўз ҳудудидан ракеталар билан зарба беради. "Нега бундай бўлмоқда? Чунки украиналиклар Россия самолётларини уриб туширмоқда. Руслар украиналиклар ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларидан муваффақиятли фойдалангани учун эҳтиёткор", - дея хулоса қилди Милли.

Бундан ташқари, дея давом этди генерал, Украина авиациясини Россия билан таққосланадиган даражага олиб чиқиш "кўп сонли мамлакатлардан жиддий саъй-ҳаракатларни талаб қиладиган" вазифадир. "Бундай қарорлар келажакда қабул қилиниши ёки қабул қилинмаслиги мумкин. Лекин ҳозирда асосий эҳтиёж - ҳаво ҳужумидан мудофаа", - дея хулоса қилди Милли ва иттифоқчилар конференциянинг бутун кунини ушбу масалани муҳокама қилишга бағишлаганини таъкидлади.

Мавзуга оид