Жаҳон | 10:33 / 27.04.2023
5871
2 дақиқада ўқилади

Россия Норвегиянинг ўн нафар дипломатини чиқариб юборди

Норвегиянинг Москвадаги элчиси Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга “қаттиқ норозилик” билдирилди. Россия Норвегиянинг Москвадаги элчихонаси ва мудофаа атташеси идорасининг ўн нафар вакилини мамлакатдан чиқариб юбормоқда.

Фото: leta

Норвегиянинг Москвадаги элчихонаси ва мудофаа атташеси идорасининг ўн нафар вакили персона нон грата деб эълон қилинди. Бу ҳақда 26 апрел, чоршанба куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълумот берди.

Норвегия элчиси Роберт Квиле Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. У Ослонинг Россиянинг Норвегиядаги элчихонасидан 15 нафар дипломат ва ҳарбий атташе идораси ходимларини чиқариб юбориш қарорига нисбатан “қаттиқ норозилик” олди, дея маълум қилди Москва. Дипломатга нота топширилган. Норвегия элчисига, шунингдек, бошқа чора-тадбирлар, жумладан, Норвегия дипломатик ваколатхоналари томонидан Россия фуқаролари орасидан ходимларни ёллашга чекловлар қўйилиши айтилди.

Шу билан бирга, тўртта телерадиоэшиттириш корпорацияси - Швециядаги SVT, Норвегиядаги NRK, Даниядаги DR ва Финландиядаги Yle - суриштирув ўтказди ҳамда Скандинавия мамлакатларидаги Россия элчихоналари кўплаб ходимларининг Россия разведка хизматлари билан алоқаси бор, деган хулосага келишди.

SVT 21 нафар россиялик разведка ходимини аниқлади, улардан камида 13 нафари Россиянинг Стокҳолмдаги элчихонасида 2022 йил апрелигача ишлаган, деб ёзади Yle.

Мавзуга оид