Россиянинг Украинага қарши уруши тугагунига қадар россиялик спортчилар Финландия ва Норвегия ҳудудида ўтказиладиган мусобақаларда иштирок эта олмайди. 12 ноябр, пайшанба куни ҳар икки давлат ҳукумати Россия спортчиларига виза беришни тақиқлашга қаратилган чоралар ҳақида эълон қилди.

Хусусан, Финландия ҳукумати Россия фуқароларининг мамлакатга кириши «Финляндиянинг халқаро алоқалари учун таҳдид» туғдиришини қайд этувчи қарор қабул қилди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Янги чекловлар қисқа муддатли меҳнат фаолияти, жумладан, профессионал спорт соҳасида ишлаш учун виза сўраган шахсларга тааллуқли бўлиши аниқлаштирилди.

16 ноябрдан бошлаб Финландия ҳукумати виза аризаларини кўриб чиқиш, шунингдек, мамлакатга кириш ва қисқа муддат бўлиш шартларини баҳолашда мазкур қарорни инобатга олади.

Россия спортчиларига Украинадаги уруш сабабли виза чекловлари

«Россиянинг Украинага қарши тажовузкор уруши давом этаётган бир пайтда россиялик спортчиларнинг Финландияда қиладиган иши йўқ, — деди мамлакат ташқи ишлар вазири Элина Валтонен. — Уларнинг мамлакатга кириши Финландиянинг халқаро алоқаларига таҳдид солади. Худди шу ҳолат Финландиянинг миллий манфаатлари учун муҳим аҳамиятга эга бўлмаган, виза асосида амалга ошириладиган бошқа қисқа муддатли меҳнат фаолияти турларига ҳам тааллуқли».

Қайд этилишича, Шенген ҳудудидаги бошқа давлат томонидан берилган виза билан Финландияга кирмоқчи бўлган россияликларга ҳам мамлакатга кириш рад этилиши мумкин.

Ҳукумат матбуот хабарида таъкидланишича, чекловлар нейтрал мақомда мусобақаларда қатнашмоқчи бўлган россиялик спортчиларга ҳам татбиқ этилади.

«Россия спортдан тарғибот мақсадларида фойдаланмоқда ва спорт орқали ўзининг ноқонуний тажовузкор уруши мақсадларини илгари суришга интилмоқда», — дейилади Финландия ҳукумати баёнотида.

Норвегия: Россияда профессионал спорт ҳукумат билан чамбарчас боғлиқ

Ўша куни, 12 ноябрда Норвегия ҳам шунга ўхшаш чоралар жорий этилишини эълон қилди.

«Норвегияда Россия ва Беларус фуқароларига виза бериш ҳамда мамлакатга кириш бўйича аллақачон қатъий қоидалар мавжуд. Бироқ халқаро спорт ташкилотлари томонидан жорий этилган енгилликлар профессионал спортчилар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахсларга мусобақаларда иштирок этиш учун Норвегияга келиш имконини бермоқда. Ҳукумат Украинадаги уруш давом этаётган бир пайтда ушбу мамлакатлардан келадиган профессионал спортчилар ва уларнинг ҳамроҳлари Норвегияга киришининг олдини олишни истайди», — дейилади Норвегия ҳукумати баёнотида.